Оҳангарон шаҳар маданият ва истироҳат боғида “Камалак” болалар ташкилотининг  “Ватан, дўстлик ва бахтли болалик учун!” шиори остидаги анъанавий анжумани бўлиб ўтди.

Ушбу анжуманда шаҳримиздаги барча таълим муассасаларининг сардорлари иштирок этишди. Ўқувчи ёшлар йил давомида олиб борилган ишлар юзасидан ҳисобот топшириб, ўзаро тажриба алмашишди. Келгуси ўқув йилига мўлжалланган режалари билан ўртоқлашишди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи  Оҳангарон шаҳар Кенгаши раиси Лазиз Абдураҳимов  ва “Камалак” болалар ташкилоти раиси Бобур Холтожиев ўқувчиларнинг бир йиллик фаолияти давомидаги ютуқ ва камчиликларини айтиб ўтди. Тадбир якунида йил давомида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган фаол ёшлар Кенгашнинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Анжуман Оҳангарон шаҳар маданият бўлими ходимлари ва ёш истеъдод ғунчаларининг концерт дастурига уланиб кетди.


Политехника касб-ҳунар коллежида ҳам  “Ватан, дўстлик ва бахтли болалик учун!” шиори остида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгашининг 17-анъанавий анжумани бўлиб ўтди. “Камалак” болалар ташкилотининг амалга оширган ишларини сарҳисоб қилиш, ташкилот фаолларини рағбатлантириш, келгусидаги устувор вазифаларини белгилаб олиш, сардор ларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш  мақсадида ташкил этилган ушбу анжуманда туманимиздаги барча таълим муассасаларининг Ёшлар иттифоқи етакчилари ва мактаб сардорлари иштирок этишди. “Камалак” болалар ташкилоти раиси Бекзод Эргашев фаоллик кўрсатган ташаббускор ёшларни тақдирлар экан, бу рағбатлантиришлар келгуси фаолият ривожи учун хизмат қилади, дея таъкидлади.

– 2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тизимида ўзининг сардорлик фаолияти билан туманимиз ёшларини юксак марраларга эришиш йўлидаги мардонавор хизматлари учун” номинацияси билан тақдирландим. Келгусида бунданда юқори натижаларга эришишга ҳаракат қиламан, – дейди 33-умумтаълим мактабининг бош сардори Жамила Машкурова.

Кўтаринки руҳда ўтган анжуман чин маънода ёшларнинг истеъдод шоусига айланиб кетди. Ҳар бир мактаб ўқувчилари ўзларининг бадиий чиқишларини намойиш этиб, барчага шодлик улашди.

Гулшода КАРИМОВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.