Хўш, ғаллакорларимиз мазкур йилда давлатимиз хирмонига қанча улуш қўшишни режалаштирмоқда, ғалланинг серҳосил бўлиши бозорларимиздаги нарх-навога ҳам ижобий таъсир кўрсатадими?

Жавлон ЮСУПАЛИЕВ, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғининг агротехнология масалалари бўйича ўринбосари:

– Жорий йилда туман ҳудудидаги жами 12710 гектар ерга бошоқли дон экилган бўлиб, шундан 960 гектари сувли, 3650 гектари лалми ерларни ташкил этади. Ҳудудимизда жами 906 нафар фермер хўжаликлари ғалла экинларини етиштирмоқда. Фермерларимиз бу йил мамлакатимиз хирмонига 23 минг тоннадан зиёд ғалла топшириш тараддудида. Ғалланинг эртапишар, ўртапишар ва кечпишар навлари бўлиб, экилган эртапишар навлари 5623, ўртапишар навлари 5767, кечпишар навлари эса 1320 гектарни ташкил этади. Туманимиз далаларига ғалланинг замин, ғазғон, арпа каби навлари экилган. Миришкор деҳқонларимиз ғалладан мўл ҳосил олиш сир-синоатини яхши ўзлаштиришган. Улар ғаллани 5 маротаба суғоришади. Ғаллани минерал ўғитлар билан 3 маротаба, суспензия усулида 4 мартадан ортиқ озиқлантириш мақсадга мувофиқдир.

Бугунги кунда ғаллани ўриб олиш бўйича туманда 12 та отряд шакллантирилди. Барчасига техникалар бириктирилган бўлиб, улар ҳозир махсус тайёргарлик жараёнини ўтказмоқда.

Туманда ғалла маҳсулотини етиштиришда фаоллик кўрсатган фермер хўжаликлари талайгина. Уларга “Имкон”, “Тараққиёт”, “Сулаймон ота”, “Семурғ” каби бир қатор фермер хўжаликларини  мисол қилишимиз мумкин. Ғалла серҳосил бўлса, халқимизнинг дастурхони тўкин бўлади. Бозорларимиздаги маҳсулотларнинг сифати ва сонида ўсиш ҳам юқори бўлади, – дея сўзини якунлади суҳбатдошимиз.

Экин майдонларини оралаб борар эканмиз, туман ҳокими секторидаги  серҳосил ғалла майдонига кўзимиз тушди. Дастлаб бу майдоннинг миришкори билан қизиқдик. Мазкур экин майдони “Тараққиёт” фермер хўжалигига тегишли эканлигини аниқлаб, унинг раҳбари Абдуқодир Нодировни суҳбатга чорладик.

– Бошқа соҳаларга қараганда ғаллачилик соҳаси жуда мураккаб ва машаққатлидир. Ғалла серҳосил бўлиши учун ерга кўпроқ ишлов берилиши, экиш даврида ҳам кимёвий дорилар билан озиқлантирилиши талаб этилади. Бу йил  фермер хўжалигимиз ерларининг 64 гектарига ғалла экдик. Биз ғаллакорлар март-апрель ойларида буғдой навларини занг касаллигидан эҳтиёт қилишимиз керак. Бу касаллик намгарчилик оқибатида пайдо бўлгани сабабли, ғаллани шира касаллиги таъқиб қилади. Мазкур касалликларга қарши курашишни билган миришкор, албатта, кўзлаган мақсадига эришиб, эл орасида ҳурмат қозонади. Буғдой, одатда, май ойидаги ёмғирни хуш кўради. Июнь ойидаги ёғингарчилик эса экиннинг сифатига салбий таъсир кўрсатади,  – дейди фермер.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз жоизки, халқимиз нонни муқаддас неъмат сифатида қадрлайди. Бунинг меҳварида одамларимизнинг бу маҳсулотга бўлган чексиз меҳри намоён бўлар экан, мамлакатда ғаллачилик тармоғининг ривожланиши фаровонликнинг калити, десак  янглишмаган бўламиз.

Гулруҳ Фарруҳ қизи.