Жорий йилнинг 23 февраль куни Олмалиқ кончилик касб-ҳунар коллежида ўқийдиган икки нафар ёш йигит кутилмаганда жиноятчиликка қўл уради. Улар тун яримдан оққанда Оҳангаронда жойлашган ташкилотларнинг бирига ўғирликка тушиб, компьютер жамланмасини ўмариб кетади. Гўёки, ишлар силлиқ битди, қорлар ёғди, излар кўмилди…

Бироқ, аслида ундай эмас. Ички ишлар органларининг тезкор қидирув амалиёти давомида, воқеанинг барча тафсилотлари синчковлик билан ўрганилди. Ниҳоят айбдорлар топилди ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари давомида улар ўз қилмишларини тан олдилар.

31-сонли мусиқа ва санъат мактабида Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди томонидан Улуғбек ОЧИЛОВ раислигида ўтказилган сайёр судда ана шу ишнинг тафсилотлари жамоатчилик, ёшлар иштирокида кенг муҳокама қилинди ва айбдорларга тегишли жазо тайинланди.

Албатта, 18-19 яшар йигитларнинг улоқиб, бундай жирканч кўчаларга кириб қолиши ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайдиган воқеа. Тадбир қатнашчилари масаланинг ана шу томонларига эътибор қаратиб, оила, таълим муассасаси, маҳалла ҳамкорлиги йўлидаги ишларни янада мустаҳкамлаш ҳақида сўзладилар. Айниқса, халқдан, одил суддан, Президентимиздан кечирим сўраб турган ёш йигитлар, уларнинг ота-оналарига боқиб, ҳар қандай кишининг қалбида аламли ўйлар туғилади. Ҳолбуки, бу йигитлар бугун мутлақо бошқа сафларда бўлиши мумкин эди…

Туман прокурорининг ўринбосари Аброр МАМАТОВ айблов хулосасини ўқиб эшиттирганда, залга жам бўлган ота-оналарнинг юраги бир қалқиб олган, жиноятнинг оқибатлари ҳақида ўйлантирган бўлса, ажаб эмас. Зеро, ўғирлик, ўзганинг мулкига кўз олайтириш бу – ўйинқароқлик, шунчаки шўхлик эмас, жиноятдир! Суд тегишли маслаҳатдан кейин, мазкур жиноят иши бўйича ҳукм чиқарди. Унга кўра, судланувчиларга маҳалла ва Ёшлар иттифоқининг тегишли тавсия ва кафолат хатини инобатга олиб, ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда моддий жарима қўллади. Шунингдек, судланувчиларга бир йил синов муддати белгиланди. Бошқача айтганда, бу йигитлар бир йил давомида намунали хулқ-атворини намоён қилиб борса, судланганлик ҳисобга олинмайди.

Тадбир давомида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг раиси Дилшод ТОЖИБОЕВ йиғилганларга мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўзлаб берди. Шунингдек, айни вақтнинг ўзида сайёр қабул ҳам ўтказилиб, жиноят ишлари бўйича туман ва вилоят суди раислари халқ билан мулоқот қилди.

Иштирокчиларни қизиқ-тирган савол ва мурожаатлари юзасидан тегишли тартибда йўлланма, кўрсатмалар берилди.

Саид БОБОЕВ,
Нозим ИСМОИЛОВ (суратлар),
“Оҳангарон ҳаёти” мухбирлари.