Тухм ерга кириб чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқму,
Ипак қуртича ҳимматинг йўқму?

Алишер НАВОИЙ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Пиллачилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори имзоланган эди.

Унга кўра, республикада озуқа базасини жадал ривожлантириш, ипак қуртини парвариш қилиш ва пилла етиштириш жараёнларини узлуксиз такомиллаштириш, пилла, хом ипак, ипак калава ишлаб чиқариш ва уларни чуқур қайта ишлашнинг самарали усулларини кенг жорий этиш, ипакдан тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришни  йўлга қўйиб, соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш устувор мақсад этиб белгиланган.

Мамлакатимизда пиллакорларга катта имкониятлар яратилаётгани сир эмас. Шунингдек, бир мавсум ҳисобида ипак қурти боққан касаначи ёки ишсиз фуқаро қўшимча бир йил меҳнат стажига эга бўлади.

Оҳангарон тумани “Агропилла” МЧЖда бугунги кунда 12 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Туман ҳудудида жами 480 гектар тутзор бўлиб, мазкур майдонлар “Агропилла” МЧЖ балансига киритилди. Тумандаги барча фермер хўжаликлари ва касаначиларга жами 1200 қути пилла уруғи тарқатилди.

Шоира ҚУЛМУҲАММЕДОВА,
туман “Агропилла” МЧЖ агрономи:

– 2018 йилда тумандаги меҳнатсевар пиллакорларимиз мамлакат хирмонига 65 тонна миқдоридаги пилла ҳосилини топширишни режалаштиришмоқда. Ипак қурти боқишнинг  меҳнати жуда оғир бўлиб,  бир қути пилладан 60 кг. маҳсулот олинади. Одатда, бир қути  ипак қурти учун 50, 60 кв. метр жой талаб этилади. Биз соҳа мутахассислари  пиллакорларнинг хонадонларига тез-тез  бориб, ипак қурти учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирамиз. Жумладан,  мазкур  юмуш тури биздан катта эътиборни талаб этади. Ипак қуртлари жуда нозик бўлади. Улар тут барглари билан озиқланади. Озиқлантиришдан аввал, баргларнинг сифати ва озодалигига катта аҳамият беришимиз керак. Айрим тутзорлар яқинида кимёвий дориланган дарахтларнинг мавжудлиги ипак қуртларига салбий таъсир қилади. Ипак қуртлари 30-40 кун деганда пилла ўрайди. Ҳозирги кунда уддабурон пиллакорларимиз бир йил мобайнида 3 маротаба ипак қуртларини парвариш қилишмоқда. Туманимизда ташаббускор ва фидойи пиллакорларимиз жуда кўп. Масалан, “Шодмалик” МФЙ ҳудудида яшовчи Гуласал Тўлибоева 3 қути ипак қуртини парваришламоқда. Яна бир пиллакоримиз “Нўғойқўрғон” МФЙда яшовчи Латифа Турсунбоевадир.  Шижоатли аёл 4 қути ипак қуртини парвариш қилиб, туманимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.  “Дўстлик” МФЙда истиқомат қилувчи Сиддиқ Умиров ҳам 5 қути ипак қурти парваришлашни ўз зиммасига олган.

Ҳозирги вақтда пиллакорларимизни безовта қилаётган муаммолар йўқ. Тутзорлар етарли, қуртларни озиқлантириш учун қийинчиликлар туғилмаяпти. Шу боисдан туманда йилдан-йилга ипак қурти боқиш истагини билдириб келаётган фуқароларимизнинг сафи кенгаймоқда.

Шоира ТЎЛАГАНОВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.