Одатдаги иш кунларидан бири. Мухбирлар хонасига фаол мухлисимиз, устоз-педагог Тожинисо Эшматова кириб келди. Айни пайтда кексалик таътилида бўлган опа халқ амалий санъати соҳасида  ҳам бой тажрибага эга. Ҳунарманд аёл туман-шаҳарда туризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кенгайтириш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилаётган кўргазма-савдо тадбирларида фаол иштирок этганлиги ҳақида сўзлади.

Шу воқеа сабаб, опанинг ишлари билан танишиш учун улар яшаётган “Адолат” МФЙ  томон йўл олдик. Тожинисо опа маҳалладаги 29-кўп қаватли уйда истиқомат қилади. Ҳунарманд аёл уйи яқинидаги бир қаватли бинода ҳунармандчилик устахонаси очиш ҳаракатида юрган экан.

Суҳбатдошим Оҳангароннинг биринчи муаллималаридан бўлган бувиси Қундузой Уроловадан, онаси Анора аядан  бичиш-тикиш, тўқиш сирларини ўрганган. Шунингдек, бувисига ҳавас қилиб ўқитувчилик касбини ҳам танлади. Ўрта мактабни тамомлаб, Тошкент шаҳридаги 1-педагогика билим юртида таҳсил олди. Тақдир йўли санамлик муҳандис-энергетик Муҳаммаджон  Эшматов билан боғлангач, 33-ўрта мактабда педагоглик фаолиятини бошлайди. Табиатан меҳнаткаш аёл қайнона-қайнота хизмати, оила юмушлари, фарзандлар тарбияси, ўқитувчилик вазифасидан ортиб, олийгоҳда ўқишга ҳам вақт топади. Ишдан ажралмаган ҳолда, ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси бўлимида сиртдан таҳсил олади. Муҳаммаджон ака Оҳангарон шаҳридаги “Оҳангаронцемент” корхонасида меҳнат қилгани боис, кейинроқ шаҳарга кўчиб келишади. Шаҳримиздаги 1-умумтаълим мактабида кўп йиллар ўқувчиларга таълим-тарбия беради. Истеъфодаги зобит Муҳаммаджон Эшматовни 1985-1986-йилларда хизмат сафари билан Россияга жўнатишади. Оиласи билан ўлканинг Владимир, Қозон, Суздаль шаҳарларида яшаган Тожихон опа ўша ерлик  аёлларнинг ҳунармандчилик сирларини ҳам ўзлаштириб олади. Қизлари Шаҳло ва  Дилноза оналари каби педагогика соҳасида таълим олишди. Нафақат улар, кичик қиз Бахтихон ҳам ҳисобчилик касби билан баробар каштачилик, қуроқчилик, зардўзлик, тўқувчилик санъатини эгаллашган.  Тожинисо опа набиралари ҳамда маҳалла қизларини халқ амалий санъатига ошно этмоқда. Ҳамиша ҳаракатда бўлган ҳунарманд аёл бир неча бор “Ташаббус” кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичларида “Энг яхши ҳунарманд аёл”  номинацияси ғолиблигини қўлга киритиб, вилоят босқичларида муваффақиятли қатнашди. Шунингдек, “Қўли гулдир ўзбек аёлин” республика кўргазма-савдо анжуманида ҳам иштирок этиб келган. Халқ амалий санъатига меҳр қўйган ҳунарманд аёл ҳар бир  ижодий ишига меҳр бериб, санъат асари даражасига кўтаради.

Тожинисо опа момомерос ҳунарини даромад манбаи деб билмайди. Балки тўқиган буюмлари, либосларини яқинларига ва эҳтиёжмандларга улашади. Қилаётган ишидан завқ олади. Бинобарин, Оҳангарон воҳасида туризмни ривожлантириш мақсадида ўтказилиб келинаётган кўргазма-савдо намойишларида Тожинисо опа Эшматованинг ҳунармандчилик ишлари сайёҳлар эътиборини тортаётгани бежиз эмас.

Райҳон САЛАЕВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.