Туманимиз ва шаҳримизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳаларда ўз имкониятларини рўёбга чиқариш мақсадида шарт-шароитлар яратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада, айниқса, Президентимизнинг 2018 йил 2 февралда эълон қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлмоқда.

Туманимизда жами хотин-қизлар сони 46 минг 909 нафарни ташкил этади. Ишсиз аёллар 278 нафар, турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетганлар сони эса 64 нафардир. 127 нафар аёл тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

2018 йилнинг 1-чорагида тумандаги ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган аёллар билан якка тартибда иш олиб бориш, шунингдек, хотин-қизлар ўртасида бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, аёлларни хусусий бизнес ва тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида, Тошсой, Янгиҳаёт, Гулобод (1-сектор), Эртош, Кўксарой (3-сектор) ҳудудларидаги ишсиз аёлларга амалий ёрдам кўрсатилди. “Унгут” МФЙда (4-сектор) 5 иш ўринли “Нафосат” гўзаллик салони, “Ойбулоқ” МФЙда (1-сектор) эса 10 иш ўринли “Назокат” тикувчилик ва хизмат кўрсатиш мажмуаси очилди. 2 нафар ногиронлиги бўлган аёлга тикув машинаси тақдим этилиб, касаначилик билан шуғулланишига шароит яратилди. Оғир ижтимоий шароитда яшаётган 50 нафар хотин-қизларнинг (1-секторда 23 нафар, 2-секторда 7 нафар, 3-секторда 5 нафар, 4-секторда 15 нафар) бандлиги таъминланди.

Насиба ҒОФУРОВА,
туман ҳокими ўринбосари,
хотин-қизлар қўмитаси раиси:

– Юртбошимизнинг 5325-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманда “Оила маркази” ташкил этилди. Мавжуд 29 та МФЙларда ташкил этилган Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимига янги ходимлар тайинланди. Туманимиз аҳолиси, айниқса, аёллар орасида маънавий-маърифий ишлар мунтазам олиб борилмоқда. Хусусан, уй бекалари, коллеж битирувчи қизларига китоблар тарқатилди.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида кўп гапириш мумкин. Бироқ аёллар ўртасида жиноятчиликнинг, номаълум сабабларга кўра четга чиқиб кетиш ҳолатларининг олдини олиш борасида кўпроқ ишлашимиз керак. Тўғри, ўтган йилнинг 1-чорагига нисбатан бу йил аёллар ўртасидаги жиноятчилик 7 тага, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари 3 тага, ажримлар сони 13 тага, нотинч оилалар сони эса 38 тага камайган. Аммо бу муаммо ҳал бўлди дегани эмас. Бу борада тумандаги отинойилар, профилактика нозирлари билан биргаликда ҳудудий секторлар кесимида жиноятчиликка мойиллиги бўлган, муаммоли оилалар билан мунтазам равишда учрашувлар ташкил этилмоқда.

Шаҳримиз аҳолиси 37 минг 332 нафар бўлиб, шундан 18 минг 765 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Ишсиз аёллар 378 нафар, четга чиқиб кетганлар сони эса 2618 нафардир. 39 нафар аёл тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

Жорий йилнинг 1-чораги давомида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 41 нафар хотин-қизлар шаҳардан ташқарида даволаниш, уй-жой билан таъминланиш, оилавий шароити яхшиланиш имкониятига эга бўлди. 44 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 45 нафар аёллар билан хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва перинатал касалликлар профилактикаси бўйича тегишли ишлар олиб борилди. Аёллар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида жойларда профилактик мазмунга эга бўлган 27 та учрашувлар ташкил этилди.

Дилором КАМОЛОВА,
шаҳар ҳокими ўринбосари,
хотин-қизлар қўмитаси раиси:

– Асосий мақсадимиз шаҳарда ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, намунали оилаларни шакллантириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли ишларни йўлга қўйишдир.

Жиноятчиликнинг олдини олишнинг энг мақбул йўлларидан бири аҳоли бандлигини таъминлашдир. Яқинда “Шодлик” МФЙдаги “Назира” гўзаллик салони реконструкция қилиниб, қўшимча 4 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳар бир секторга бир нафардан отинойилар бириктирилиб, тегишли профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, оила мустаҳкамли-гини таъминлаш мақсадида, бир амалиётни йўлга қўйдик. Хусусан, унаштирилган ёшларнинг хонадонларига борилиб, ота-оналари билан суҳбатлашган ҳолда, уларнинг шарт-шароити ўрганилмоқда. Тўйларни ихчамлаштириш ҳамда ёшларни тўйдан олдинги тиббий кўрикларга жиддий эътибор қаратишлари лозимлиги уқтирилмоқда.

Президентимиз Фармонига мувофиқ, шаҳримиздаги 21 та МФЙда Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимига мутахассислар танлаб олиниб, улар фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан тадбирлар давом эттирилмоқда.

Жамият тараққиёти даражаси, унинг маънавий ҳаёти ривожи, қайсидир маънода, жамиятдаги хотин-қизларимиз ва уларга кўрсатилаётган эътиборга боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Чунки аёл, биринчи навбатда, бу – она. Она эса эртанги кун эгалари бўлган фарзандларимиз тарбиясига бевосита жавобгар инсондир. Шундай экан, хотин-қизларга муносиб эътибор қаратилган юртнинг келажаги ёрқин бўлиши муқаррардир.

Алишер АЗИМОВ,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.