Қарийб 20 йилдан буён ўтказилиб келинаётган анъанавий «Хотира турнири«нинг финал босқичи ўйинлари бошланмоқда. Қорахтойдаги стадион гавжум, трибуналар спортсевар мухлисларга тўла, ҳамма ҳаяжонда.

Ана, спортнинг футбол тури бўйича финалчилар – 12 ва 19-умумтаълим мактаблари жамоалари майдонга тушиб келишди. Ҳакам ҳуштаги янграб, мухлислар ҳайқириғи остида ҳақиқий муросасиз баҳс бошланди. Яна ўша қорахитойликлар ташаббусни ўз қўлларига олишди. Улар иккала бўлимда ҳам рақибларига ҳеч қандай имконият тақдим этмаган ҳолда, дарвозага кетма-кет, жавобсиз 5 та гол йўллаб, мусобақанинг бош совринини қўлга киритишди.

Энди эса бевосита турнир ҳақида. Бу йилги мусобақаларда туманимиз мактабларидан жами 1673 нафар ўғил болалар, 338 нафар ўқувчи қизлар қатнашишди. Улар спортнинг 6 тури бўйича белашишди. Мазкур мусобақада бадиий гимнастика бўйича 2 та жамоа, миллий курашда 16 та, боксда 21 та, волейболда 20 та, шахматда 32 та жамоа куч синашган бўлса, футбол бўйича 50 та мактабдан ўқувчилар майдонга тушишган.

Мусобақалар якунига кўра, футбол бўйича 1-ўринни 12 мактаб ўқувчилари эгаллаб, турнир кубоги соҳибига айланишди. 2,3-ўринлар эса мос равишда 19,30-умумтаълим мактабларига берилди. Бокс бўйича 10-мактаб, волейболда 12-мактаб, шахматда 18-мактаб, курашда 19-мактаб, бадиий гимнастика беллашувларида БЎСМ жамоалари биринчиликни эгаллашди.

Турнир якунида, барча совриндорларга туман ҳокимлиги ҳамда тадбиркор ва фермерларнинг қимматбаҳо совғалар топширилди.

Анъанага кўра, таниқли санъаткорлар иштирокида ўтказилган катта байрам дас-тури турнир қатнашчиларига ҳақиқий байрамона кайфият бағишлади.

Алишер АЗИМОВ


“Илоқ ” маҳалласидаги “Соғлом бола” спорт мажмуасида мактаб ўқувчилари ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича “Хотира турнири” бўлиб ўтди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, Оҳангарон шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланишига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон Респуб-ликасида хизмат кўрсатган маданият ходими, журналист Акром Аъзамов ҳамда жисмоний тарбия ва футболни ривожлантириш йўлида меҳнат қилиб келган устоз Ҳамид Жамолхонов хотира турнирида умумтаълим мактабларининг 5,6,7-синф ўқувчиларидан таркиб топган кичик  ҳамда  8,9,10-синф ўқувчиларидан таркиб топган катта жамоалар яшил майдонда баҳсга киришишди. Биринчи гуруҳ баҳсларида 1-ўринни 5-мактаб  футболчилари қўлга киритди. Кейинги ўринлар 2 ҳамда 1-мактаб ёш спортчиларига насиб этди. Катта гуруҳлар мусобақасида ҳам 1-ўринни айнан  5-мактаб вакиллари забт этди. 3 ва 4-мактаб ўқувчиларидан иборат катталар жамоаси эса кучли учликдан жой олишди. БЎСМ  вакиллари ҳам футбол мусобақасида фаол иштирок этди. Хотира турнири  ғолиблари ва совриндорлари, фаол иштирокчилари ташкилотчиларнинг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

– Жорий йилда биринчи бор ўтказилаётган Хотира турнирида 180 нафар ўқувчилар иштирок этишди, – дейди  мусобақа бош ҳаками,  БЎСМ футбол мураббийи Эрмат Қаршибоев. – Келгуси йили унинг таркибига спортнинг волейбол ҳамда стол тенниси турларини ҳам киритиш режалаштирилган. Шунинг баробарида, иштирокчилар сафи ҳам кенгаяди.

Райҳон САЛАЕВА