Кексалик – донишмандлик. Ҳар сафар Ҳамид ота Сулаймонов билан суҳбатлашган чоғларим ушбу мулоҳаза нақадар тўғри эканлигига қайта-қайта иқрор бўламан. Унинг ҳар сўзида бир ҳикмат, ҳикмат тагида эса оддий инсон англаши мушкул бўлган ҳақиқат яширинган. Нигоҳларида эса вазминлик ва самимийлик… У билан бир марта гаплашган ҳар қандай инсон боз суҳбатлашгиси келади. Айни ҳолат бизни ҳам четлаб ўтмади – бу сафарги суҳбатимиз отахон хонадонида бўлди.

Хонадонга кириб борар эканмиз, боғ оралаб юрган устоз пешвоз чиқиб, бизни ўзгача бир самимият билан қарши олди. Бу самимият ортида Ҳамид отанинг жамият кўзгуси – матбуотга бўлган илиқ меҳрини туйдик. Мезбон бизни шинамгина ишхонаси томон етаклади.

Суҳбат аввалида қаҳрамо-нимиз ёшлик даврларини ўзгача бир кайфият билан ёдга олар экан, отаси Сулаймон бобо Жўраев колхозда бригадир вазифасида фаолият юритиб, Иккинчи жаҳон урушида, 1943 йили, яъни 36 ёшида Сталинград жангларининг бирида қаҳрамонларча ҳалок бўлганлигини таъкидлади. Оилада ёлғиз ўғил бўлган қаҳрамонимизнинг зиммасида оила чироғини ёқиш, ота-онасининг руҳи-покларини шод этиб, жамиятда муносиб из қолдириш масъулияти турар эди. Устоз 1958 йилда “Эрлар” педагогика билим юртини, 1965 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини, 1973 йилда Олий Журналистика мактабини, 1979 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини қишлоқ болаларига сабоқ беришдан бошлаган устоз тумандаги 15-умумтаълим мактабида илмий бўлим мудири, кейинчалик эса директор вазифаларида ишлаган. 1969-1971 йилларда Ангрен давлат хўжалигида партия қўмитаси котиби, 1971-1980 йилларда туман собиқ партия қўмитаси ва туман ижроия қўмитасида фаолият юритиб, 1980-1985 йилларда “Телов” МФЙдаги “Ўзбекистон” давлат хўжалигида директор, 1987-1999 йилларда “Оҳангарон” давлат хўжалигида масъул котиб вазифаларида ишлаган.

Ҳамид отанинг туманимиз равнақи йўлидаги самарали меҳнатлари беиз қолгани йўқ. Меҳнат фаолияти давомида кўпгина шогирдлар тарбия қилган устознинг издошлари бугунги кунда жамиятимизнинг турли соҳаларида муносиб фаолият юритишмоқда. Шунингдек, эл-юрт олдидаги хизматлари учун давлатимиз томонидан бир неча марта тақдирланган. 1991 йил “Ўзбекистон мустақиллиги”, 2011 йил “Ўзбекистон Респуб-ликаси Мустақиллигининг 20 йиллиги”, 2016 йил “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги”,  2017 йил “Ўзбекистон  Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига” кўкрак нишонлари шулар жумласидандир.

Нафақадаги отахон биринчи устози Нишон Эргашев тўғрисида тўлиб-тошиб гапирар экан, ҳаёт йўлларидаги эришган муваффақиятларини у инсоннинг меҳнатлари билан боғлайди. Бундан қарийб 18 йил муқаддам вафот этган устозининг ўгитлари ҳали ҳануз қулоғи остида жаранг сочиб турганини, шогирдлари ва набираларига мазкур ўгитларни бот-бот таъкидлашини айтиб ўтди. Ҳамид отанинг беш нафар фарзанди уйли-жойли, ўз касбининг моҳир усталари, жамиятда ўз ўрнига эга. Бир этак невара-эвараларнинг қуршовидаги отахон бугун ҳаётидан мамнун.

Суҳбатимизни ҳовлида давом эттирдик. Фахрий устознинг томорқасида яратилган кўркам боғни кўриб, кўзингиз қувнайди.

– Меҳнат инсон иродасини тоблайди, уни янада улуғлайди, қанийди, буни барча ёшларимиз англаса, – дейди отахон.

Устознинг бундан бир неча йиллар муқаддам эккан дарахтлари бугун ҳосил бериб, улкан боққа айланган. Ҳосилидан баҳраманд бўлаётган набиралари, қўни-қўшниларининг миннатдорлигидан руҳланган отахон тиним билмай, ўз томорқаси ҳудудида яна боғ яратмоқда экан.

– Бу боғда пишган мевалардан кун келиб, ширин-шакар набираю эвараларимиз баҳраманд бўлади. Эккан ниҳолларим билан ҳар куни камида бир маротаба суҳбатлашаман. Уларга фақат парвариш эмас, меҳр ва эътибор ҳам керак-да. Инсон орзу-умидлар билан яшар экан, ҳаётнинг гўзалликларини томоша қилиб чарчамайди. Шу боисми, ҳар тонг бир мақсад, янги орзу-умидлар билан уйғонади. Набираларим мактабдан қай-таётиб, кундалик дафтарида олган беш баҳоларини кўз-кўз қилганда, “Бобо, мусобақада ғолиб бўлдим, суюнчи беринг”, деб турганда, қандай қилиб ўзингизни бахтли ҳис этмайсиз? – дейди кўзда қувонч билан устоз.

Буни қарангки, меҳнатдан чарчамаган Ҳамид ота жамоатчилик асосида сайланган  Кексалар ва фахрийлар масалалари бўйича маҳалла раисининг ўринбосари вазифасида фаолият юритмоқда. Устознинг юмушлари шу қадар кўп эканлигини кўриб, у инсон туманда ўтказиладиган байрам-тадбирларда иштирок этишгаю, ижтимоий-сиёсий газеталарда мақолалари билан қатнашишга, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришга фаол муносабатини билдиришга, боғлар яратиб, парвариш қилишга, янги  нашрдан чиққан китоблар мутолаасига қандай вақт топар экан, деган савол хаёлингиздан ўтади.

Устоз кутубхонасидаги маънавий-маърифий, ижти-моий-сиёсий турдаги китоб-ларнинг салмоғи шу қадар бой эканлигидан мазкур хонадон чин маънодаги зиё мас-канига айланган, десак хато бўлмайди. Дарҳақиқат, Ҳамид бобонинг ўқиган ва ўқиётган китобларини кўриб, ижодий касб соҳибларидан бири бўлишимизга қарамай, рости, қойил қолдик! Отахоннинг дил тубидаги сўзларини тинг-лаб англадикки, мақсад сари дадил одимлаган, юрак амрига бўйсунган тиришқоқ инсоннинг қалбини армон туйғуси эгаллай олмас экан!

– Болалигимиздан китобга муҳаббатимиз чексиз бўлган. Ўша оғир дамларда – эртаю кеч пахта териб, мол боқиб юрган вақтларимизда ҳам қўлимиздан китоб тушмасди. Бир дақиқа бўш вақтимиз бўлди дегунча китоб ўқирдик. Буюк тарихимизнинг улуғ сиймоларини хаёлимизда тасвирлаб, улар билан бирга яшагандек бўлардик. Ҳозирги кунда аксарият ёшларимизни мажбурлаб ҳам китоб ўқитолмаслигимиз мени ажаб-лантиради. Бу сўзларим барча ёшларга тегишли эмас, албатта! Ўз билими ва салоҳияти билан халқаро майдонларда юртимиз байроғини кўкларга кўтараётган болаларимиз ҳам талайгина. Уларга қараб, ҳавасинг келади, кўксингни ғурур-ифтихор туйғулари банд этади.

“Ҳаёт – бамисоли шахмат майдони!  Ким ғолиб бўлади, ким эса мағлуб! Энг асосийси, бу майдонда ҳар ким ўз отини ўзи суради”, каби фикрларни устоздан эшитганимизда, уларнинг шахмат ўйинига ҳам қизиқиши юқори эканлигини англадик.  Ҳақиқатдан ҳам, устоз мазкур ўйин соҳасида мактаб давриданоқ устозларининг олқишларига сазовор бўлганини, қишлоқ болаларига ҳам шахматдан сабоқ бериб туришини ҳамқишлоқлари мамнуният билан таъкидлашади.

Суҳбат якунида “Яхшидан боғ қолар”, деган нақл нечоғлик ҳақиқат эканлигига амин бўлдик. Ҳамид ота Сулаймоновнинг том маънодаги боғлари ва сермазмун умри давомида яратган тажриба бўстони хеч қачон завол билмаслигини сўраб, устозга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тиладик!

Шоира ТЎЛАГАНОВА