Неча  йилларки  Иккинчи  жаҳон  уруши  қолдирган  оғриқли  хотиралар  оғушида  яшаб,  бугунги  нурафшон  кунларга  шукронада  яшаётган  улуғ  инсонлардан  бири  Бекмирза ота  Абсалямовни  Оҳангаронимизнинг  фахри, десак  сира  муболаға  бўлмайди.

Жойларда  бўлаётгани  каби  шаҳримизнинг   “Янгиобод”    маҳалласи  ҳудудида   Иккинчи  жаҳон   уруши  қатнашчиси,  дунёни  фашизм  балосидан  асраб  қолишга,  бу  ёруғ  кунларни  таъминлашга  муносиб  ҳисса  қўшган бу  нуроний   инсонга  9-май – Хотира  ва  қадрлаш  куни  муносабати  билан    Тошкент   вилояти  фермерлар Кенгаши  раиси Тўлқин Тўраев Ўзбекистон  Республикаси   Президентининг    байрам  табриги  ва   совғаларини   топшириш  учун уларнинг  файзли  хонадонига  ташриф  буюрди.  Муҳтарам  Юртбошимизнинг: “Сиздек мард  ва  қаҳрамон  юртдошимизга  бутун  халқимиз  номидан  чуқур  миннатдорлик  билдирамиз. Жонажон  Ватанимизга  фидойилик  билан  хизмат  қилишнинг  юксак  намунаси  бўлган, бутун  ҳаётини  эл-юрт  ишига, адолат  ва  эзгулик  тантанасига  бағишлаган  Сиз  каби  азиз  ва   мўътабар  инсонлар  билан  барчамиз  ҳақли  равишда  фахрланамиз. Ёшларимизга  ҳамиша  ибрат  бўлиб, ҳаётимизга  файз  ва  қувонч бағишлаб келаётганингиз  биз  учун  бебаҳо бойлик, катта давлатдир”,  деган  самимий  фикрлари  ва  эзгу  тилагу  табриклари   Бекмирза ота  Абсалямовни тўлқинлантириб  юборди. Президентимиз томонидан  илла   соат ҳамда  5 миллион  сўм  миқдоридаги  пул мукофоти тантанали  равишда  тақдим  қилинди.  Оҳангарон  шаҳар  ҳокими   Одилжон  Жўраев  эса   зар   чопон  кийдириб  бу   мўътабар  инсонни  қутлади.   Бундан  ташқари,  хонадон  эгаларига  газ  плитаси  ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширилди.

“Яна  бир  жангга   60  киши  билан  бирга  йўлга  тушганмиз. –  дейди  Бекмирза ота  Абсалямов  сафдошларини  хотирлаб, –  мен  билан  атиги  3 та  одам  тирик  қолган  холос.”

Уруш  даврида  кўплаб  давлатларда  пиёда  юриб,   жанглар  ўтказган  бу инсоннинг  илк  жанглари  Украинанинг 2-фронтида  бошланиб,  Венгрия,  Австрия,  Чехословакия,  Руминия,  Япония  каби  давлатларда  давом  этганини  ҳам  алоҳида  айтиб  ўтиш  жоиз.  Йиллар  оташида  тобланган  бу  инсонни  буюк  матонат  соҳиби  дейиш  мумкин.

Мана  шундай  инсонларни  ҳаёт  мактабига  қиёс  этамиз.  Уларнинг  Ватан  химояси  учун  жонини  қалқон  айлагани  биз  ёшларга  муносиб  ўрнак  бўлиши  керак.

Ҳулкархон ИСАМОВА,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.