31-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Оҳангарон туман Кенгашининг ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди.  Унда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгашининг ўтган бир йил давомида амалга оширган ишлари ҳақида Кенгаш раиси И. Қурбонов ҳисобот берди.

Қизғин муҳокама ва мунозара йўсинида ўтган тадбир давомида тизимда йўл қўйилган хато-камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди, танқидий-таҳлилий баҳоланди. Шунингдек, ёшлар ташкилоти томонидан бир қатор ҳамкорларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Қайд этиш зарурки, кейинги бир йил давомида қатор олға силжишлар баробарида талай камчиликлар ҳам ташкилот фаолияти янада жонланишига тўсқинлик қилаяпти. Хусусан, жойларда фаолият олиб бораётган етакчи ва сардорларнинг мамлакатимизда кечаётган умумий ижтимоий-сиёсий жараёндан бохабарлик даражаси кўнгилдагидек эмас. Яна бир муаммо шуки, баъзи раҳбарлар томонидан ёшлар иттифоқи етакчисининг жамоадаги нуфузи атайлаб ерга урилмоқда, ўзаро обрў талашиш, йўл бермаслик каби иллатлар учраб турибди. Афсуски, бу вазиятда ёш ва энди шаклланиб келаётган кадрларимиз андишага бориб, муаммо ва масалаларни дадил кўтариб чиқишдан тийилмоқда, ғайратлари сўнмоқда. Йиғилиш давомида шу каби муаммоларга қарамай, енг шимариб ишлаётган етакчиларнинг тажрибаси, ишлаш услуби муҳокама қилинди.

Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари А.Йўлдошев иштирок этди.

Зилола АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи
туман кенгаши мутахассиси.


6-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Оҳангарон шаҳар Кенгашининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Шаҳар Кенгаши раиси Лазиз Абдураҳимовнинг бажарилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди. Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Оҳангарон шаҳар Кенгаши  ходимлари, шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Зафар Назаров,  шаҳар ҳокимлигининг бош мутахассиси Жумабой Кенаханов ҳамда касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактабларининг  ўқувчилари фаол иштирок этдилар. Кенгаш вакиллари келгусига мўлжалланган режа-дастурларини ёшларга  таништириб ўтишди. Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Шеров иштирок этиб, ёшлар билан суҳбатлашди. Йиғилиш якунида таълим муассасаларининг фаол,  ташкилотчи етакчиларига Кенгашнинг эсдалик совғалари топширилди.

Г. КАРИМОВА.