Мамлакатимизда иқтисодиётни жадал ривожлантириш, енгил саноат тармоғи, тўқимачилик корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, пахта хомашёсини қайта ишлашни янада кенгайтириш ва импорт ўрнини босадиган сифатли маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шаҳримизда янги иш бошлаган “Лимакс голд текстил” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги чет эл корхонаси ана шу ҳаётбахш ислоҳотлар самараси  бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Корхонанинг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят, шаҳар ҳокимлиги масъуллари, корхона ва ташкилотлар вакиллари ҳамда корхона ишчи-ходимлари иштирок этди.

Махсус индустриал зонада иш бошлаган “Лимакс голд текстил” МЧЖ юқори технология асосида ишлайди. Лойиҳа тўлалигича ишга туширилиши учун хитойлик сармоядор томонидан 3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди. 180 га яқин ёшлар меҳнат қилаётган корхонада кунига 36-40 мингтагача пайпоқ ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг 70-80 фоизи экспорт қилинади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунгача  шаҳримизда 6 та корхона экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқараётган эди. Оҳангарон шаҳрининг жами йиллик ҳудудий экспорт режаси 415 минг АҚШ доллари бўлиб, жорий йилнинг биринчи чорагида 134,7 минг долларга тенг саноат маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Жорий йилда 13 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда, шундан 11 таси айнан енгил саноат йўналишидадир. Уларнинг ишга туширилиши натижасида яна мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.