Ўзбек романчилик мактабига  асос солган  Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари илк ўзбек романи бўлишига қарамасдан, эътирофу таҳсинларга сазовор бўлди. Муаллиф қалбида жўш ураётган туйғу ва фикрларини қаҳрамонлари тилидан халққа сўзлайди.  Балки шунинг учундир бу асар ҳали-ҳануз ўз моҳиятини йўқотмасдан келаётгандир. Ҳар гал китобни қўлимга олганимда, ўзимни Абдулла Қодирий замонига тушиб қолгандек ҳис қиламан, таассуротларим ҳам янгиланиб бораверади. Бу, балки, ёш билан боғлиқ жараёндир…

Аҳамият берган бўлсангиз, “Ўткан кунлар” романининг илк сатрлари шундай бошланади. “1269-ҳижрия, далв ойининг 17 инчиси, қишки кунларнинг бири, қуёш ботган, теваракдан шом азони эшитиладир…”. Назаримда, асарнинг бошланишига айнан шу вақт  танланишининг ҳам рамзий маъноси бор. Биламизки, шом қоронғулик, зулматга ишора. Далв ойида эса тун кундан узунроқ бўлади. Гўёки, шом азони юрт бошига яқинлашиб келаётган зулматдан дарак бергандек. Гарчи асар ёзилган вақтда юрт осмонини қора булутлар қопламаган бўлса-да, ана шу зулматдан эсган шабадани муаллиф эрта англайди ва халқни бирликка даъват этади. Асарда бош қаҳрамон Отабек 24 ёшли йигит сифатида гавдалантирилади. Асар ёзилган даврда Абдулла Қодирий ҳам шу ёш атрофида бўлган. Демак, муаллиф ўз қаҳрамонлари билан тенгдош, ҳар жабҳада Отабек ва Кумуш билан тенг дард чекиб, тенг қувонган. Асарнинг бош қаҳрамонлари Ота-бек ва Кумушнинг бир-бирига бўлган муҳаббати шунчаки севги эмас, балки унинг замирида Ватанга муҳаббат туйғулари яширингандек, назаримда. Абдулла Қодирий Кумушни Отабекка нисбатан кўпроқ, улуғроқ бир туйғу билан севган бўлса керак. Йўқса, уларнинг муҳаббати бунчалик олий даражада бўлмас эди. Асар бошида Кумуш тасвири берилган ва у вақтда Кумуш бетоб эди. Ажабланарлиси, шу вақтда замон ҳам  нотинч аҳволда эди. Отабекнинг муҳаббати Кумушга куч, унинг соғайишига ёрдам беради. Бу ўринда, Отабекдек ўғлонларнинг муҳаббати Ватанни хасталикдан халос этиши мумкинлигига ишора қилинган. Тарих хотираларида ёзилишича, Абдулла Қодирий Кумушнинг ўлимини ёзгач, йиғлаган экан. Бундан кўринадики, адиб Кумуш тимсолидаги юрт қайғусидан таъсирланган,  миллатнинг инқиро-зидан куюнган. Отабек қалбида Кумушга нисбатан чексиз муҳаб-бат бўлган.  Ана шу туйғу – муҳаббат  туфайли Отабек ўз уйини тарк этишга куч топа олди. Халқи учун жангга кириб, ҳалок бўлди.

Бу асар воқеаларини ёдга олар эканман, кўз ўнгимда, беихтиёр, Зайнаб тимсоли гавдаланади. Негаки, Зайнаб жуда оғир, одам ўлдиришдек қабиҳ, гуноҳ ишга қўл уради… Аслини олганда, Кумушнинг вафотига сабабчи бўлган Зайнабни ҳам бутунлай ёмонга чиқармаслик керак. Ахир у ҳам бир оила боғида очилган гул эди. У ҳам орзу-ҳавасларга тўла қалб соҳибаси эди. Аввалига, Кумуш Зайнаб билан муроса қилиб яшашга аҳд қилган. Зайнабнинг истаги ҳам шундай эди. Ҳақиқий муносабат юракдан чиқиб кетиши учун ўрнини бошқа туйғу эгаллаши керак. Ана шу туйғу, одатда нафрат туйғуси бўлади. Отабекнинг Зайнабни оз бўлсада “ажратиш”и, Ўзбек ойимнинг меҳри Кумушга тушиши унинг қалбидаги муҳаббатни борича нафратга айлантириб юборади.  Шу ҳол унинг қўлига заҳар тутқазган бўлса, ажаб эмас…

Романга адиб: “Ўзбек турмушидан тарихий роман”,  дея изоҳ беради. Чиндан ҳам, унда фақат  муҳаббат ҳақида сўз бормайди. Бу асар миллат руҳини, халқи учун шижоатга тўлган ўғлонлар тилагини, миллийлигимизни ўзи-га сингдирган. Асар муаллифи келажакни олдиндан башорат қилгандек, гўё. Роман шундай тугайди: “Ўзбек ойим қора кийди”, – одатда бирон-бир яқинлари оламдан ўтса, кекса онахонлар қора рангли либослар кийиб, мотам тутиб юришади. Ўзбек ойим ҳам мотам либосини кийди. У ўғлидан айрилди, халқимиз эса Абдулла Қодирийдек миллатпарвар фарзандларидан айрилди.

Бугунги кун, бугунги замон биздан мустақил фикрлаб, ҳар қандай зарарли  таъсирларга  қарши туришни, бир сўз билан айтганда, юксак маънавиятли бўлишни талаб  этмоқда. Бу йўлда эса китоблар маънавиятнинг қўш қанотига айланиб, бизга беминнат хизмат қилаверади.

Гулшода КАРИМОВА,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.