Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 27 февраль куни  импорт ҳажмини қисқартириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, экспортни рағбатлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш, мавжуд муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган эди.

Мазкур йиғилишда Президентимиз тадбиркорларга қарата “Энди экспортёрга сиз, импортёрга сен деб муомала қиламиз” деган эдилар. Бу сўзларнинг замирида катта ҳикмат борлигини илғаган тадбиркорларимиз экспорт салоҳиятини кўрсатиш мақсадида, дунё бозорини кезмоқда, десак хато бўлмайди.

Туманга 2018 йил жами 5,9 млн. доллар экспорт прогнози белгиланган. Шу жумладан, ҳудудимизда экспортёр корхоналарнинг сони кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Уларга “Мадина Оҳанг Агро” МЧЖ, “Ўлмас Агро Экспорт” МЧЖ, “Лазиз” МЧЖ, “Оҳангарон Рустам Агро” МЧЖ, “Аксус Ново Тех” МЧЖ, “Оҳангарон Чиккен Индастри” МЧЖ, “Оҳангарон Агро Барака” МЧЖ, “Про Агро” МЧЖ кабиларни мисол қилишимиз мумкин.

Бугунги кунда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун ўзининг беминнат ҳиссасини қўшиб келаётган тадбиркорлардан бири “Оҳангарон Рустам Агро” МЧЖ раҳбари Алишер Машариповдир. Мазкур жамият қуруқ меваларнинг экспорти билан шуғулланади.  Жумладан, жорий йилда Россия Федерацияси билан 52 минг 500 АҚШ долларига шартнома имзоланди. Асаларичилик тармоғи билан ҳам  фаол иш олиб бораётган тадбиркоримиз келгуси йилга мазкур соҳанинг ҳам экспортини йўлга қўйишни  режалаштирмоқда.

Яна бир экспортёр “Аксус Ново Тех” МЧЖ раҳбари Назира Раҳмоновани ҳам суҳбатга чорладик. Қаҳрамонимиз ишлаб чиқараётган оҳак ва нефть-газ маҳсулотлари БАА давлатига ҳамда Қозоғистон Республикасига экспорт қилинаётганини айтиб ўтди. 2017 йилнинг декабрь ойида нефть-газ маҳсулоти учун 4 млн. 410 минг АҚШ долларига шартнома имзолаган тадбиркоримиз ҳозирги кунда ҳамкорлик қилиш истагини билдираётган хорижлик инвесторларнинг сони кўплигини таъкидлади. Бироқ корхона қуввати чегараланганлиги боис, келгусида жамиятни  янада кенгайтириш зарурати туғилмоқда.

Барчамизга маълумки, Оҳангарон кенг имкониятлар воҳасидир. Қулай табиий муҳит, унумдор ер, бой захирага эга ерости ресурслари, қўйингки, яна бошқа кўплаб омиллар туманимизда экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва ишлаб чиқаришга замин яратади. Тадбиркорларимиздан эса, фақатгина, шижоат, ташаббускорлик ҳамда изланувчанлик талаб этилади, холос. Ўйлаймизки, бу борада тадбиркорларимиз ўзларининг меҳнатлари билан туман экспортига муносиб ҳисса қўшишади.

Шоира ТЎЛАГАНОВА,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.