Она ернинг қадрини тўла англаган инсон  томорқани чин маънода хазина деб билади. Бугунги кунда томорқа масаласига ҳукуматимиз томонидан жуда катта эътибор берилмоқда. Шу жумладан, мутасадди ташкилот ходимлари ҳам халқимизнинг томорқа билан машғул бўлишлари учун хонадонларига кириб, даъват этиб, жонбозлик кўрсатишмоқда. Аммо беш қўл баробар бўлмаганидек, ўз томорқасини қаровсиз аҳволда ташлаб қўйганлар ҳам учраб турибди. Дастлаб, нигоҳимизни туман ҳокими сектори томон йўналтирдик.

“Ойбулоқ” МФЙнинг шинамгина биносида фуқаро мурожаатлари билан шуғулланаётган маҳалла раиси Муҳиддин Назировни суҳбатга чорлар эканмиз, улар ҳар куни аҳоли томорқасини назорат қилаётганини таъкидлади. Қишлоқнинг “Ёшлар” кўчасида жойлашган 33-уйга  кириб бордик, шу чоғ нигоҳимиз аянчли бир хонадон томорқасига тушди.

Мазкур хонадоннинг боғи билан ҳовлисини ажрата олмайсиз. Ёлғизоёқ йўл ёқасидаги ҳас-хашаклар тизза бўйи келади. Хонадон вакиллари дехқончилик билан шуғулланишини эшитиб, рости, унчалар ишонмадик. “Янгиобод” кўчаси 2-уйнинг эгалари туман ободонлаштириш бўлимида фаолият олиб борсада, томорқаси абгор аҳволда.

Шу кўчанинг 13-хонадонига борганимизда, уй эгаси ҳали томорқаси билан шуғулланиши учун вақти бўлмаганини, аммо ловия экиш учун жой ҳозирлаб қўйганини таъкидлади. Айрим хонадонларга кирганимизда, ҳатто гул кўчатларини экиш учун ҳам жой ажратмаган уй соҳибаси томорқасининг барчасига беда уруғини сепганига кўзимиз тушди.

– Беда маҳсулотидан даромад ололмайсиз-ку, бир йил мобайнида ерингизни озгина хашакка ўғирлатасизми, дея сўраганимизда хонадон эгаси ўзини жуда бефарқ тутди. Айрим хонадонлар билан танишиб, баҳри дилимиз очилди. Баҳорнинг иккинчи ойи бўлишига қарамай, “Ёшлар” кўчаси 29-хонадонда истиқомат қилувчи оила вакиллари томорқасидан турли хил кўкатларни йиғиб олиб, бўшаган ерга маккажўхори экишмоқда. Бу уддабурон оила вакиллари бир йилда томорқасига уч, баъзида тўрт маротаба  маҳсулот экиб, озгина ердан ҳам мўмай даромад олишар экан…

Туман ички ишлар бўлими секторидамиз. Дастлаб ишчи гуруҳ вакилини суҳбатга чорладик. “Сусам” МФЙнинг профилактика инспектори Беҳзод Бахтиёров қишлоқда сув йўқлигини, аҳоли артезиан қудуқлардан фойдаланишини таъкидлади. Шу сабабдан, мазкур қишлоқ томорқаларининг асосий қисмини беда маҳсулоти ташкил қилишини очиқ-ойдин сўзлади. Ҳудуднинг “Наврўз” кўчасига ошиқар эканмиз, шу кўчада истиқомат қилувчи тиббиёт бирлашмасининг вакили ўз томорқасини қаровсиз ва абгор ҳолга келтириб қўйганлигининг гувоҳи бўлдик. Кенг ҳовлида, ҳатто, гул кўчатларига ҳам кўзимиз тушмади. Шунингдек, “Бахт” кўчаси 43-хонадон вакилларининг барчаси вақтинча ишсиз, аммо каттагина томорқаси қаровсиз аҳволда экани ғоят таажжубли ҳолдир.

Томорқа даромад манбаи саналади. Ишсиз бўлатуриб, хонадонини ҳам обод қилолмайдиган айрим фуқароларга ачиндик, холос…

Гулруҳ Фарруҳ қизи.