Маълумки, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ўқувчилари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда “Ёш чегарачилар” кўрик-танлови ўтказиб келинади. Табиийки, бундай мусобақаларда чегара ва чегараолди ҳудудида истиқомат қилувчи оҳангаронликлар ҳам фаол иштирок этишади.

Айниқса, ўтган йили бизнинг вакилимиз – “Энергетик” жамоаси мазкур кўрик-танловнинг республика босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллагани барчага катта ифтихор бағишлаган эди. Бу қандай жамоа ўзи, дейсизми? Шошманг, улар ҳақида эшитмаган бўлсангиз, ҳали Оҳангаронни яхши билмабсиз, азиз дўстим. Ўзининг шонли, зафарли меҳнати, азму шижоати билан янги Оҳангарон тарихини ёзаётган азаматлар сафида “Энергетик”ларнинг ҳам катта улуши бор…

Муддаога ўтишдан аввал, ўринли бир мулоҳазани алоҳида таъкидлашни истардик. Оҳангарон туманидаги барча касб-ҳунар коллежларида фаолият кўрсатаётган “Ёш чегарачилар” тўгараги ўтган 2017 йилда ва жорий йилнинг ўтган вақти давомида фаол иш олиб борди. Айниқса, ҳарбийлар иштирокида ўтган турли тадбирлар, амалий машғулотлар ёшларда катта таассурот қолдирди. Бундан ташқари, “Ёш чегарачилар” тўгараги аъзоларининг ҳудудда жойлашган ҳарбий қисмларга саёҳатга бориши, ҳарбийларнинг яшаш шароити, мавжуд моддий-техник база билан танишиши ёшларда Ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлади, тоб-лади.

Хусусан, Нуробод энергетика ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида фаолият кўрсатаётган тўгарак аъзолари бутун туманимизга маълуму машҳур. Улар турли тадбирларда, маданий-маърифий учрашувларда фаол иштирок этиб, Оҳангаронда етук ҳарбийларнинг янги авлоди етишиб чиқаётганини тиришқоқлиги, абжирлиги, билимга чанқоқлиги билан кўп бора исботлашган.

Яқинда Чирчиқ шаҳрида “Ёш чегарачилар” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Қувонарлиси, мазкур беллашувда муносиб иштирок этган Оҳангарон тумани вакили –  Нуробод энергетика ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг “Энергетик” жамоаси ҳақли равишда энг юқори поғонадан жой эгаллади!

Ёшлардаги чаққонлик, эпчиллик, зукколик хислатлари синовдан ўтган мазкур мусобақада вилоят бўйича жами 11 та жамоа қатнашди. Уларнинг ҳар бири наинки вилоятда, балки республикамизда ҳам довруқ қозонган “Энергетик”ларга қарши жиддий тайёргарлик кўргани аниқ. Бироқ, найласинки, абжирликда Теловнинг яйдоқ даласида от чоптириб, Овжазсой-у Шовғозсойнинг сувини ичиб, Қорахитойнинг ширали гуручидан паловхонтўра еб катта бўлган оҳангаронлик ёшларга етишга йўл бўлсин! Энди гапнинг буёғини эшитинг. Жамоа мураббийи Жонибой ОТАМУРОДОВ ишонч билан таъкидлаяптики, кўрик-танловнинг респуб-лика босқичидан улар ғалаба билан қайтишади. Катта тантана ва хурсандчилик билан музаффар азаматларни кутиб олишга тайёргарлик кўраверинг, Майрам Жўраевна!..

Малоҳат ЮЛЧИЕВА,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.