Айтишларича, Оҳангарон воҳасида вужудга келган Илоқ давлатининг тарихи, тақдири зару зўр билан боғлиқ экан. Бунда от чоптириб келган бад ниятли саркардалар, хайрихоҳ дўст-ёрлар минг йилларки, қимматбаҳо маъданлар, сўлим масканларни қўлга киритиш ниятида ўзаро қилич сермаганлар. Бироқ бу – кечаги кун тарихи. Бугун Илоқ давлати тарихда йўқ. Унинг дунёга донғи кетган 18 та азим шаҳарларидан фақат харобалар қолган, ўша шонли дамларни эслатадиган жой номлари сақланган, холос. Тўхтанг, биз ниманидир унутдик. Ахир, ўша буюк давлатни, қасру кўшкларни, файзли машваратларни бунёд этган ким эди?..

Албатта, фақат ва фақат пурвиқор Қурама ва Чотқол тоғ тизмалари орасида умргузаронлик қилаётган мард ва азамат шу халқдир. Асрлардан асрларга, насллардан наслларга ўзининг шонли ўтмишини, дунёларга кўрк берган буюк тарихини асраб-сақлаб келаётган ҳам айнан халқнинг ўзидир. Оҳангарон воҳасининг асл маъдани, асл зари, бойлиги шу эмасми?..

Илоқ давлатининг пойтахти қадимги Тункат шаҳри яқинида жойлашган Телов қишлоғининг хушманзара қирликларида боботарихга дарс берган, минг йилларки, ўзлигига гард юқтирмаган элнинг замонлар чорраҳасида дунёга айтар сўзи яна мағрур жаранглади. Ҳа, сезиб турганингиздек, гап жорий йили учинчи маротаба ўтказилган “Илоқ” этнографик фестивали ҳақида кетмоқда.

Фестиваль арафасида прагматик дўстларимдан бири – Сирожиддин шу каби тадбирларнинг халққа қандай фойдаси бор, дегандек луқма ташлаб қолди. Ростдан ҳам, қуроқи тўнлар, ярашиқли дўппилар – жамалаксоч қақажонлар, белида белбоғи борлар тўпланиб, шўх-шаън ўланлар айтадиган жўшқин давранинг, сизнингча, хасис иқтисодга қандай нафи бўлсин, дўстим Сирожиддин.

Фестивалда қатнашган “Дугоҳ”, “Паркент гуллари”, “Паркент чашмаси”, “Шош наволари”, “Қурама оҳанглари”, “Тўрғай” фольклор этнографик жамоалари, ашула ва рақс ансамбллари воҳа аҳлининг қутлуғ тўйига зўр кўтаринки тайёргарлик билан келгани сезилиб турарди.

Қадрли Сирожиддин! Сиз юқоридаги бироз шоирона ўй-фикрларимиз қатидаги моҳиятни балки тўла англаб, англолмассиз. Бироқ фольклор шундай кучли, қудратли санъатки, энг даҳо санъаткорнинг доҳиёна хаёллари, минглаб, миллионлаб инсонларнинг орзу-мақсадлари, оналар йиғиси, сингиллар орзуси, боболар ўгити, болалар кулгуси, қўйингки, етмиш икки томирда жўш ураётган жамики ҳисларнинг аксу садоси айнан унда жодир. Не бахтки, Оҳангарон воҳаси фольклор анъаналари юқори даражада ривожланган, энг муҳими, фольклор ижодкорлиги ҳали-ҳануз давом этаётган жуда кам маконлардан биридир. Бугун сусамлик момодан, Қорасувёқанинг қирғийкўз йигитидан, Четсувнинг барносидан, Ўзарнинг ўзғиридан, аслинг надур, наслинг надур, дея сўрасангиз, сира иккиланмай халқининг минг-минг йиллик тарихидан сўзловчи, ҳеч бир адиб ва шоирнинг бисотида бўлмаган ноёб жумлалар жамланган ўланлардан, лапарлардан, қўшиқлардан айтиб беради. Бу – халқнинг бирор бир бойликка тенг келмайдиган бебаҳо бойлиги эмасми?

Бундан неча йиллар муқаддам дунёнинг бир четида Худонинг бир бандаси одам осмонда учармикан, от-уловдан ташқари бирор маҳлуқот киши оғирини енгил қилармикан, сув остида саёҳат қилиш имкони топилармикан, дегандек ўз даври учун жавобсиз саволларга кўмилганча хаёл суриб ўтиргани аниқ. Бироқ, даҳо халқнинг ўлмас достонларида, оғзаки ижодида учар қушлар, ўт боғлаган қанотлар, беқанот учган отлар, келажак бунёдкорлари – олимларга йўл кўрсатувчи маёқ каби порлаб туради. Бугун олдимизда турган жуда кўп муаммоларнинг ечими ҳам, мен ишонаманки, донишманд халқимизнинг бебаҳо ижоди – фольклор бағрида яширинган.

Қадрли дўстим! Мен юқоридаги гапларим орқали ниманидир исботламоқчи эмасман. Зеро, халқнинг ижоди халқнинг ўзидек сизу бизнинг қарашларимиздан анча юқорироқ бир мартабада туради. Агарки, йўлингиз тушиб, сўлим Оҳангарон воҳасига қадам ранжида қилсангиз, бир минг икки юздан зиёд қадимият ўчоқлари – асрларни қаритган моддий ва маънавий обидалар билан сизни таништирар эдим… Ҳозирча эса, келинг, дўстим, фольклор жамоаларининг санъатидан завқ олайлик…

Озодбек АБДУМАННАПОВ.