Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори аҳоли даромадини кўпайтириш, томорқадан унумли фойдаланишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Жумладан, Оҳангарон шаҳри ва туманида ҳам мазкур йўналишда жадал иш олиб борилмоқда. Ишлар шундай ташкил қилинаяптики, унга кўра, ҳар бир уй-хонадонда мавжуд экин экиладиган майдон бўйича умумий маълумотлар базаси шакллантирилмоқда. Жамланган маълумотлар ҳар куни тўлдирилиб, янгиланиб борилаяпти. Натижада маҳалла фуқаролар йиғинлари, қишлоқлар, ҳудудий секторларда алоҳида бир шаклда ёки умумлаштириб, қаерда қандай иш кетаётганини тезкор таҳлил, танқид қилиш имконияти вужудга келди.

Куни кеча Оҳангарон тумани ҳокимлигининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев раислигида томорқачилик, умуман, ердан оқилона фойдаланиш масалалари юзасидан заминдорлар ҳамда мутасаддиларнинг амалий учрашуви бўлиб ўтди.

Ниғматилла Йўлдошев давлатимиз раҳбарининг ердан оқилона фойдаланиш борасидаги қарорини мукаммал ижро этишда маҳаллий депутатларнинг алоҳида ташаббуси, ўрни бўлиши кераклиги ҳақида тўхталди.

Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ, Олий Мажлис Сенати раиси:

–  Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларининг ҳар бир депутати ер оби-тобига келаётган, деҳқончилик мавсуми бошланаётган айни кунларда ижро ҳокимиятига камарбаста бўлиши керак. Негаки, гап халқимизнинг ризқ-рўзи, эртамиз ҳақида кетаяпти. Шу кунда экилмай, бўш қолиб кетган ер давлатимизга, халқимизга хиёнат эканини одамларга уйма-уй юриб тушунтириш керак. Олий Мажлис Сенати аъзолари мазкур масала юзасидан парламент, депутатлик назоратини амалга оширишга қатъий киришган. Бу борада маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам фаолроқ бўлиши зарур. Тўғри, ғалла-сабзавотга ихтисослашган Оҳангарон туманида айни пайтда ишнинг мароми кўнгилдагидек. Айниқса, ғалла парваришида илгарилаб кетибсизлар – бошқа жойларда ўғитлаш ишлари энди бошланаётган бўлса, сизларда ғаллага учинчи ўғит берилмоқда. Бу – яхши. Аммо, ўрганишларимиз давомида аниқлаганимиз – 8 та қолоқ, ночор фермер билан алоҳида ишлашимиз керак. Гап ерни давлат захирасига қайтариш ҳақида эмас, бир мулкдорни, тадбиркорни, заҳматкаш фермерни оёққа туриши учун кўмаклашишда бўлиши лозим. Шунинг учун шаҳар ва туман бўйича барча томорқа ва бошқа ер майдонларига экилган экиннинг ривожини ҳаммамиз биргаликда кузатишимиз, қўлдан келганча жараёнга ёрдамлашишимиз зарур. Яна бир мулоҳаза. Ижро ҳокимиятида ҳам қатор муаммолар бўлиши табиий. Депутат, аввало, ана ўша масалаларга эътибор қаратиши, ижро ҳокимиятининг дардини кўтариб чиқадиган бўлиши зарур.

Йиғилиш давомида қонун ижодкорлиги бўйича ҳам фикр алмашилди. Қуйи тизимларда тўпланиб қолган баъзи тизимли муаммоларнинг ечими юзасидан аниқ қонунчилик ташаббуси билан чиқиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Қайд этиш зарурки, Оҳангарон туманида бугун 16 минг 656 нафар томорқа эгалари мавжуд бўлиб, текширишлар, ўрганишлар натижасида бу йўналишда ҳам бир қатор камчиликлар аниқланган. Хусусан, ер эгалари томонидан томорқа майдонларида ноқонуний турар-жойлар қуриб олиш, тасарруф этмасдан, ерни бўш қолдириш каби иллатлар учрайди. Айни пайтда туман ҳокимлиги ҳузурида тузилган ишчи гуруҳи бу каби салбий ҳолатларга қарши жиддий курашмоқда.

Тадбирда туман ҳокими Ўктам Турсунов ҳудуднинг мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида тутган ўрни, мавжуд имкониятлар ва шу кунга қадар амалга оширилган ишлар юзасидан қисқача тўхталиб ўтди. Шунингдек, у ўз маърузасида Оҳангарон воҳасининг туристик салоҳияти борасида ҳам алоҳида фикр юритиб, бу борада туманимизни вилоятимизда етакчилар қаторида эканлигини таъкидлади. Тадбир давомида ички туризмни ривожлантиришга ўзларининг ҳиссаларини қўшиб келаётган бир қатор ҳунарманд ва тадбиркорлари туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Саид БОБОЕВ.