Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ дастури тўғрисида” ПФ-5386-сон Фармони имзоланди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2018 йил сўнгига қадар мамлакатимизнинг 174 та туманидаги 368 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини комплекс равишда янгилаш ишлари амалга оширилиши белгиланди.

Мазкур Фармон доирасида туманимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудда эътиборга муҳтож қишлоқлар жуда кўп,  аммо “Обод қишлоқ” лойиҳасига тумандаги Дўстлик ва Телов қишлоқлари киритилди.

– Биз, мутасадди ташкилот вакиллари аҳоли билан кўп йиллик мулоқотимиз натижасида, Дўстлик қишлоғи аҳолиси ижтимоий ва маиший муаммолари билан тинимсиз равишда туман ҳокимлигига мурожаат қилаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Бу мурожаатларда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар кўтарилган. Шундан келиб чиқиб, айнан Дўстлик қишлоғини мазкур лойиҳага киритилгани бежиз эмас. Шу ерлик аҳоли ичимлик суви билан таъминланмаган, ички йўллар қониқарсиз аҳволда, газ қувурлари таъмирга муҳтож. Аҳолининг томорқалари  аянчли аҳволда, – дейди биз билан суҳбатда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси Маҳмуд Холтўраев.

Қишлоқ оралаб борарканмиз, йўл четларида кўчат экаётган, дарахтларга ишлов бериб, аҳоли томорқаларида меҳнат қилаётган туман ободонлаштириш бўлими ходимларига кўзимиз тушди. Ҳа, ҳозирда бу ерда иш жуда қизғин. Қишлоқдаги ёлғиз ва боқувчисини йўқотган кексаларнинг томорқаларида ободонлаштириш ишлари ҳашар йўли билан амалга оширилмоқда. Қаровсиз ҳолдаги томорқаларнинг ерлари ағдарилиб, экин экиш учун тайёр ҳолатга келтирилмоқда. Шу билан биргаликда, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан аҳоли хонадонларидан чиқиндиларни олиб кетиш бўйича хизматлар янада фаолроқ тарзда йўлга қўйилган.

Туман аҳолисининг 65 фоизи ичимлик суви билан тўлиқ таъминланганлигини ҳисобга олсак, мазкур қишлоқ аҳолиси ўша қолган 35 фоизи томонда. Ҳудудда марказлашган ичимлик сув қувурлари мавжуд эмас. Ҳозирги кунда ҳудудга 3 км. узунликдаги сув қувурини жойлаштириб, артезиан қудуқларини қазиш ишлари олиб борилмоқда. 2019-2029 йиллар учун манзилли дастур ишлаб чиқилган бўлиб, шу давр мобайнида бу қишлоқдан ташқари, тумандаги чекка-чекка қишлоқлар ҳам ичимлик суви билан тўлиқ таъминланиши кўзда тутилган. Бунинг учун маҳаллий бюджет ва “Сувоқова” ДУК томонидан маблағлар ажратилмоқда.

Шу ўринда, ҳудудда носоз аҳволдаги, ўз шаклини йўқотаётган газ қувурларига кўзимиз тушар экан, аҳолининг газ билан таъминланиши қай даражада эканлигига қизиқдик.

– Шу кунларда “Обод қишлоқ” лойиҳасига киритилган Дўстлик қишлоғига 15 нафар вакилларимизни бириктирганмиз. Улар ҳудуддаги носоз  қувурларни таъмирлаб, металлари занг қопламаслиги учун, бўяш ишлари билан машғул. Эски ва яроқсиз қувурлар янгисига алмаштирилмоқда, – дейди биз билан суҳбатда “Оҳангарон газ таъминоти” участкаси бошлиғи Бахт Қувватов.

Айни дамда 120 хонадондан иборат, жами 800 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Дўстлик қишлоғига бутун туманимизнинг нигоҳи қадалган. Дарҳақиқат, бу ерда бошланган “Обод қишлоқ” лойиҳаси доирасидаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари авж палласига келган, десак муболаға бўлмайди. Ўйлаймизки, Дўстлик қишлоғи нафақат туманимиздаги, балки вилоятимиз, республикамиздаги энг кўркам, обод қишлоқлардан бири бўлади.

Улкан ўзгаришлару янгиланишларга юз тутган юртимиз кундан-кунга чирой очиб, халқимиз фаровонлиги янада ортиб бормоқда. Буларнинг барчаси ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг ортида Юртбошимизнинг ташаббускорлиги, халқпарвар сиёсати, ҳар соҳада эл манфаати устуворлиги тамойилининг ҳаётга жорий қилинаётганлиги турибди. Шундай экан, биз ҳам бир чеккада қараб турмасдан, эл-юрт ободлиги йўлида меҳнат қилишимиз зарурлигини англаб етмоғимиз керак бўлади.

Шоира ТЎЛАГАНОВА,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири