Буюк соҳибқирон – Амир Темур ҳақида гап кетганда, барчамизнинг кўз ўнгимизда ақл-идрокда тенгсиз, метин иродали, адолатли, халқпарвар ҳукмдор, кучли стратег, моҳир йўлбошчи ҳамда улуғ саркарда сиймоси гавдаланади. Бир инсонда шунча сифатнинг мужассамлиги аждодларимизнинг нақадар буюк ишларга қодир бўлганлиги, тарих зарварақларида ўчмас ном қолдирганлигидан далолатдир. Аждодларга муносиб бўлиш эса тарихнинг ҳар бир даврида авлодларнинг энг олий орзу-истаги бўлиб келган.

Жуда қийин тарихий шароит – XIV асрда Ўрта Осиёда маҳаллий амир ва бекларнинг ҳокимияти кучайган, ўзаро ички низолар, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий инқирозлар авж олган бир вақтда, мўғул босқинчиларига қарши курашда ном чиқарган Амир Темур катта сиёсий майдонга чиқиб келади. Дастлаб турли хонларда аскарбоши бўлиб хизмат қилган Темур секин-аста моҳир саркарда бўлиб етишади ҳамда 1370 йилда барча амирликларни бирлаштирган ҳолда, марказлашган Мовароуннаҳрнинг ҳукмдорига айланади. Темур ҳукмронлиги даврида мамлакат иқтисодий, маданий жиҳатдан ривож топади. Мамлакат пойтахти Самарқанд эса Шарқда энг муҳим савдо маркази сифатида дунёга танилади. Хусусан, Ҳиндистон, Хитой, Эрон ва Шарқий Европа билан савдо муносабатларининг ўрнатилиши Самарқанднинг савдо-иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим роль ўйнайди.

А.Темур ташқи сиёсатда жуда қатъий бўлиб, салтанат довруғини жаҳон даражасига кўтарди. Айниқса, Испания, Англия, Генуя, Византия каби давлатлар томонидан мунтазам равишда элчилар ташриф буюришган. Бу борада Темурнинг кучли дипломатик қобилиятга эга бўлганлиги ҳам айни ҳақиқат эканлиги намоён бўлади.

Соҳибқирон бунёдкорлик ишларига катта эътибор қаратади. Самарқанд шаҳри мамлакат маркази сифатида гуллаб яшнайди. Дунёнинг йирик шаҳарларидан таклиф этилган меъморлар томонидан кўплаб масжидлар, мадрасалар, мақбаралар барпо этилади. Шаҳар атрофи мустаҳкам девор билан ўралиб, Оҳанин, Чорсу, Шайхзода, Коризгоҳ, Феруза ва Сўзангарон номли дарвозалар қурилади. Темурнинг қароргоҳи бўлган Кўксарой ҳам айнан шу ерда қад ростлайди.

Суҳбатимизни буюк аждодларга муносиб авлодлар ҳақидаги фикримиз билан бошлаганимиз бежиз эмас. Дарҳақиқат, темурийлар сулоласи вакиллари орасида соҳибқирон ишларини давом эттирган, ўзининг одилона сиёсати билан юртни идора қилган бир қатор буюк шахсларни эътироф этиш жоиздир. Хусусан, Амир Темурнинг авлодларидан бўлган Шоҳруҳ Мирзо, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳусайн Бойқаро каби буюк давлат арбоблари шулар жумласидандир. Соҳибқирон авлодининг ушбу вакиллари мамлакатни бошқарган даврларда илм-фан ва маданият, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари юксак даражага кўтарилган, десак муболаға бўлмайди. Улар юртга нафақат ҳукмдор бўлиб хизмат қилган, балки улуғ аллома сифатида олиб борган изланишларию ижодлари билан дунё илм-фани, маданияти ва адабиётига муносиб ҳисса қўшишган. Халқнинг дардига қулоқ тутиш, барча жабҳаларда эл манфаатини юқори қўйиш уларнинг асосий мақсади бўлган. Бу борада темурийзодалар соҳибқирон сиёсатининг ҳақиқий давомчилари, адолатпарвар, халқпарвар, маърифатпарвар авлод эканликларини ўзларининг давлат бошқаруви соҳасидаги эзгу амаллари билан намоён эта олганлар.

Биргина Мирзо Улуғбекнинг давлат бошқаруви ҳамда илм-фан соҳасида олиб борган ишларини таърифлаш учун бир мақола камлик қилади. У юртни бошқарган вақтда мамлакат сиёсатига мутаассибларнинг таъсири ниҳоятда кучли бўлган. Мирзо Улуғбек мамлакат аҳолисининг фаровонлигини таъминлаш мақсадида, ижтимоий соҳаларда кўплаб ислоҳотларни амалга ошириш истагида бўлган. Бироқ “замона зўрники” деганларидек, унинг бу эзгу истаклари кескин тўсиқларга учраб, орзулигича қолиб кетади.

Бироқ, қарангки, орадан йиллар ўтиб, ўша биз айтаётган Темурбек авлодлари замона зайли билан амалга оширолмай қолган ислоҳотлару бунёдкорлик ишлари сиз билан биз яшаб турган бугунги кунимизда юртимизда рўй бермоқда. Мисол тариқасида, сўнгги 2-3 ҳафта ичида Юртбошимиз томонидан қабул қилинган қарорлару фармонларнинг мазмун-моҳиятига боқинг. “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида, “Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”, “Ташқи савдони янада эркинлаштириш ва савдо операцияларининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида” ва бошқа бир қатор қарор ва фармонлар шулар жумласидандир. Бу рўйхатни ҳали анча давом эттириш мумкин. Эътибор беринг-а, буларнинг деярли барчаси ижтимоий соҳани ривожлантириш, алалоқибат, эл-юрт фаровонлигига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Тарихдан маълумки, Мирзо Улуғбек ҳукмдорлиги пайтида Жиззах воҳаси ҳудудида Чингизхон истилоси даврида вайрон этилган қалъа-қўрғонларни таъмирлаш, истеҳкомлар барпо этишга катта аҳамият берилган. Буни қарангки, бир ҳафта олдин Юртбошимиз ҳам Жиззах вилоятига ташриф буюриб, воҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан боғлиқ ишларнинг қай даражада амалга оширилаётганлиги билан қизиқди. Кўпгина миллий ва халқаро аҳамиятга эга бўлган улкан лойиҳалар билан яқиндан танишиб, барча соҳалардаги истиқболли режаларга ўзининг муносабатини билдирди.

Кўриб турганингиздек, бир вақтлар Мирзо Улуғбек, қолаверса, темурийлар сулоласи бошлаган, бироқ охирига етмай қолган бу ишлар бугун рўёбга чиқяпти. Уни буюк соҳибқирон Темур авлодлари амалга ошираяпти. Бугун мамлакатимиз ва унинг раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар аслида ким эканлигимиз, томиримизда кимларнинг қони оқаётганлигини бутун ер юзига яна бир бор эслатиб қўймоқда.

Аждодларга муносиб бўлиш – олий бахт. Мана шундай бахтли кунлар замонида – одиллик ва халқпарварлик ҳукм сураётган заминда яшаётганлигимиздан, дунёга донғи кетган аждодларимиз борлигидан фахрланишимиз керак. Уларга муносиб бўлишдек орзу-истакларимизни амалга ошишида тинмай изланиш, юртимизга, элимизга хизмат қилиш ҳар биримизнинг бош мақсадимизга айланмоғи лозим. Ана шундагина биз бобокалонларимиз истагандек, ўзимиз истагандек буюк давлат барпо эта оламиз.

Элёр ЎТБОСОВ,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.