Сўнгги пайтларда “томорқа” деган сўзни кўп бора эшитаяпмиз. Фуқаролар томорқа хўжаликларидан унумли фойдаланмаса, одатдаги тўлайдиган солиғининг уч баробари миқдорида солиқ ундирилади деган шов-шувли гаплар қулоғимизга чалинмоқда. Туман ҳокими Ўктам Турсунов ҳам ташкилий йиғилишларда томорқалардан оқилона фойдаланиш зарурлигини  куйинчаклик билан кўп бора таъкидламоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, бу борада, аввало, мутасадди ташкилот раҳбарларининг шахсий томорқалари ҳам ўрганилаётганлиги, бошқаларга намуна кўрсатиш зарурлиги масаланинг нақадар жиддий эканлигидан далолат бермоқда.

Бу борадаги ишларнинг қай даражада йўлга қўйилганлигини туманимиз ҳудудий секторлари кесимида ўрганганимизда, ютуқлар билан бир қаторда муаммолар ҳам мавжудлигига гувоҳ бўлдик. Демоқчимиз-ки, фуқароларимиз орасида ўзларига тегишли бўлган томорқадан унумли фойдаланмай, қаровсиз ташлаб қўяётганлари ҳам борлиги соҳадаги ишларнинг бир маромда амалга ошишида тўсиқ бўлмоқда.

Анъанани четлаб ўтган ҳолда, бу борадаги ўрганишларимизни тўртинчи ҳудудий сектордан бошладик. Туман ДСИ бошлиғи раҳбарлигидаги сектор штаби масъул ходими Жамила Сафаралиеванинг сўзларига кўра, айни пайтда томор-қалардан оқилона фойдаланиш зарурлиги тўғрисида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Сектор раҳбари ташаббуси билан ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган кексаларнинг томорқаларида ҳашар ишлари йўлга қўйил-ган.

Ҳудудда 4768 та якка тартибдаги хонадон томорқа-лари  мавжуд. Аҳоли 40 фоиз томорқалардан унумли фойдаланмоқда. Бу мақтанарли рақам эмас. Бизга маълум қилинишича, ҳудуддаги оқова сув билан боғлиқ муаммо ҳолатни шу кўринишга олиб келган. Бу ҳақда аҳоли томонидан тегишли ташкилотларга йиллар давомида мурожаатлар бўлмоқда. Бироқ, кўриб турганингиздек, аҳвол – ўша-ўша.

Хўш, бу борада ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги 3-секторда манзара қандай? Ҳудудда 4124 та хонадон мавжуд бўлиб, уларга тегишли томорқанинг умумий майдони 313 гектарни ташкил этади. Ҳудудий сектор ишчи гуруҳи масъулларидан бири Жасур Абдуллаевнинг айтишича, мазкур ҳудуд аҳолиси деҳқончилик борасида етарли тажрибага эга эканлиги бу борадаги ишларнинг боришида муҳим омил бўлмоқда. Чунки бу ерлик аҳоли ердан қандай фойдаланишни жуда яхши билади. Ҳудудда ишсизлар сони кўплигини инобатга оладиган бўлсак, мавжуд томорқалардан оқилона фойдаланиш даромад топишнинг энг мақбул йўлларидан бири саналади. Шундай эмасми?

“Сусам” МФЙ раиси Пардавой Алимовнинг маълум қилишича, ҳудудда 433 та хонадон бўлиб, шу хонадонларнинг орасида 2 та қаровсиз томорқа мавжуд. Бунинг устига “Наврўз” ва “Бахт” кўчасидаги бу икки хонадон вакиллари ишсиз экан. Наҳотки, ушбу фуқаролар ишсиз бўла туриб, даромад манбаи бўлган томорқани ўз ҳолига ташлаб қўйган бўлса? Бу борада тегишли мутасаддилар томонидан уларга тушунтириш ишлари олиб борилишига ишонамиз.

Туман прокурори секторида аҳвол бироз  бошқача. Бу ерлик аҳоли ўз томорқаларида, асосан, пиёз, саримсоқ пиёз етиштираётганлигининг гу-воҳи бўлдик. Бир қарич ернинг қадрини англаган аҳоли ушбу маҳсулотлардан келадиган мўмайгина даромаднинг салмоғини олдиндан ҳисоб-китоб қилган бўлса, не ажаб. Ҳудуддаги касб-ҳунар қоллежи, мактаблар олдидан ўтарканмиз, нафақат томорқаларнинг ҳолати, балки таълим муассасаларида амалга оширилган ободонлаштириш ишларини кўриб кўзингиз қувнайди.

Навбат туман ҳокими секторига келди, дерсиз. Йўқ, шошилманг. Бу ерда манзара бутунлай бошқача. Бу борадаги ишлар ҳақида “Обод қишлоқ” мавзусига бағишланган алоҳида мақолада ўқийсиз.

Азиз ўқувчи, биз бу мавзуга яна қайтамиз. Чунки бу соҳа тарихнинг ҳар қандай босқичида ҳам ўзининг аҳамиятини йўқотмаган. Томорқалардан унумли фойдаланишни кенг йўлга қўйиш орқали халқ фаровонлигини ошириш борасидаги янгича ёндашув, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради. Бу борада аҳолимиз, қолаверса, масъул шахслар ҳам барчага бирдек намуна бўлади, деб ўйлаймиз.

Шоира ТЎЛАГАНОВА,