Кейинги йилларда юртимизда келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол ва етук бўлиб шаклланиши учун яратилаётган имкониятлар кўлами тобора ошиб бормоқда. Туманимиздаги “Марказий Қўрғон” МФЙ ҳудудидаги 19-умумий ўрта таълим мактабининг замонавий лойиҳа асосида янги  биносини қуриш ишлари бошланди.

– Айни дамда 240 ўринга мўлжалланган янги мактаб қурилишида “Бунёдкор Кушон Қурилиш” МЧЖнинг малакали қурувчилари жадал суръатларда иш олиб бормоқда, – дейди мактаб раҳбари Фотимахон Аҳмадхонова. – Мазкур таълим масканининг қурилишига давлатимиз томонидан 1 млрд. 100 минг сўм маблағ ажратилган. Ушбу илм даргоҳи 2018-2019 янги ўқув йилида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда. Тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган диёримизга мана шундай бунёдкорлик ишлари ярашади.

Фарзандларимиз келажагини ўйлаб қилинаётган бу саъй-ҳаракатлар, албатта, ўз самарасини беради. Янги ўқув йилига ўзгача иштиёқ билан пухта билим олиш истагида қадам қўядиган,  бошланғич синф ўқувчилари учун янги ўқув даргоҳи муносиб туҳфа бўлади.

Алишер АЗИМОВ