Кўклам нафаси дилларга масрурлик солиб турган айни дамда жойларда Наврўзи олам шодиёналари давом этмоқда. Оҳангарон шаҳридаги саноат ҳудудида жойлашган “Оҳангарондон” АЖда бўлиб ўтган сайил ана шундай шукуҳли тадбирлардан бири бўлди.

Қайд этиш жоизки, 1971 йилда асос солинган мазкур йирик ишлаб чиқариш объекти кунига 500 тоннадан зиёд маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Корхона ташкилий жиҳатдан омихта ем ишлаб чиқариш цехи, макарон маҳсулоти ишлаб чиқариш цехи, уруғлик буғдой тайёрлаш цехи ва 2 та дон қабул қилиш ва уни сақлаш элеваторидан иборат тузилмаларга бўлинади.

Шунингдек, Пискент ва Бекобод туманида дон қабул қилиш шохобчалари мавжуд. 2010 йилнинг март ойида Ўрта Чирчиқ туманида, 2014 йили Ангрен шаҳрида кунига 3 тонна нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга цехлар ишга туширилди. Бекoбoд шаҳрида “Оҳангарондон” АЖнинг филиали мавжуд. Айни пайтда жамиятнинг ишчи-ходимлари салмоғи 600 нафарга яқин.

Байрам сайлига муқаддам заводда ишлаб, нафақага чиққан ходимлар ҳам чорланди. Комбинатнинг файзли ҳовлисида ёзилган дастурхон атрофида турли йилларда бирга ишлаган уч авлод мириқиб суҳбатлашди. Тотли нонлар, хуштаъм сумалак, баҳорий пишириқлар байрам дастурхонига кўрк бериб, айни бир пайтда, буғдойдан минг турдаги маҳсулот тайёрлашга уста меҳнаткашлар даврасида эканингизни ёдга солиб турарди.

Тадбирнинг бадиий қисмида ташкилотнинг турли бўлинмалари, цехларида ишловчи ҳаваскорларнинг чиқишлари, жайдари, халқона ҳазиллари барчага хуш кайфият улашди. Хусусан, 2-тегирмон ишчилари томонидан саҳналаштирилган “Келинсалом” кўриниши креативлиги, юморга бойлиги, анъана ва замонавийликни мужассамлаштиргани билан барчага манзур бўлди.

Ўз мухбиримиз.