Чорва – етти хазинанинг бири. Шу сабабдан меҳнатсевар халқимиз мазкур соҳага қизиқиб, наслдор қорамолларнинг сафини кенгайтириш мақсадида дунёни кезишга ҳам тайёр эканлигидан қувонасиз. Бугунги кунда туманимизда чорвачилик бўйича рақобат тизгини мавжудми? Нима учун барчамиз чет элдан келтирилган қорамолларга қизиқиш билдирамиз? Чорвачилик севимли машғулот турими ёки тадбиркорликми?  Чорвадорларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини тинглаш мақсадида туман Чорвачилик бўлимига ташриф буюрдик.

– Чорвачилик чин маънодаги тадбиркорликдир, у тинимсиз меҳнатни, сабр-тоқатни талаб қиладиган машаққатли касб. Туманда йирик шохли қорамоллар 59 239 бошдан зиёдни ташкил этади. Бугунги кунда давлатимиз томонидан чорвадорларга бир қанча имкониятлар берилмоқда. Жумладан, 2017 йилда аҳолининг шу соҳа билан шуғулланиш истагини билдирган қатламига 4 миллиард 900 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Аҳоли қарамоғидаги йирик шохли қорамолларнинг зотини кўпайтириш мақсадида 25 300 гектардан ортиқ яйловлар тақсимланди, – дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, чорвачилик бош мутахассиси Шавкат Эрназаров.

Туманда кўп йиллардан буён чорвачиликни ривожлантириб келаётган фермерларимиздан бири “Дўстлик йўли боғи эрам” фермер хўжалиги раиси Саидрасул Урупов билан суҳбатни давом эттирдик.

–  2013 йилда Европанинг Германия ва Голландия мамлакатларидан наслли қорамоллар олиб келдим. Бугунги кунда улар 332 бошга етди. Дастлаб, наслли қорамолларнинг иқлимимизга мослашуви жуда оғир кечди. Бир нечтаси қирилиб кетди, лекин инсон ниманидир астойдил хоҳласа, албатта, мақсадига эришаркан. Тинимсиз меҳнатимиз билан чет элдан келтирилган қорамолларни иқлимимизга мослаштирдик. Болалаган сигирларимиз дастлабки 6 ойга қадар кунига 35 литрдан сут беради.  Фермер хўжалигимизда 17 нафар ишчи-ходим фаолият олиб боради. Ишчиларимизга қулайлик яратиш мақсадида ўтган йили Туркиядан сут соғувчи ускуналар олиб келдим. Мазкур ускуна билан 7 дақиқада 24 та қорамолни соғишга муваффақ бўляпмиз, натижада халқимизга кунига 2 тоннадан сут етказиб бер-моқдамиз. Фермер хўжалигимизда ҳар йили 60 бошдан наслли ҳўкизлар  сотилмоқда.

Келгуси режаларим бисёр, 2020 йилга қадар сутни қайта ишлаш цехи бунёд этмоқчиман. Янги-янги ишчи ўринлар яратиб, аҳолимизнинг турмуш шароити фаровонлашувида ўз ҳиссамни қўшмоқчиман, – дейди шижоатли фермер.

Мазкур соҳанинг биз билган ва билмаган сирларини ўрганиш мақсадида Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Оҳангарон бўлими бошлиғи  Нуриддин Рўзибоевни ҳам суҳбатга чорладик.

– Асл тадбиркор учун чорвачилик, энг аввало, севимли машғулот тури бўлиши керак. Инсон ўз касбини севса, бу йўлда ютуқларга эришади. Очиғини айтганда, туманимизда тажрибали чорвадорлар кўп. Ҳудудимизда бугунги кунда “Холмогор”, яъни “қора-ола”, “қозоқи оқбош”, “Швиц” каби қорамол зотлари мавжуд. Сабаби, мазкур зотли қорамоллар иқлимимизга тезроқ мослашади. “Мақсад”, “Бўрон”, “Обидхон забардаст”, “Хожиакбар”, “Мақсуд” сингари йирик фермер хўжаликлари асосий даромадни чорвачилик соҳасидан олишади, – дейди суҳбатдошимиз.

Кўпгина чорвадорлар учун баҳор фасли, аксарият ҳолларда, талофатли келади. Кексаларимиз бежизга “Кўкка чиққан қорамол йўққа чиқади”, дейишмаган. Аммо юлдузни бенарвон урадиган фермерларимиз учун бу сўзлар мутлақо бегона. Шундай фермерларимиздан бирининг сўзларига қулоқ осдик.

– Қиш фаслига пухта тайёргарлик кўриб,  емишларни ғамлаш билан бирга, қорамолларимизни вақти-вақти билан касалликларга қарши эмлаб турамиз. Чорвачиликка 6 бош қорамол билан қадам қўйганман. Меҳнатимиз эвазига турмушимиз фаровон, кетма-кет тўйлар қилиб, халққа ош бердим, фарзандларимни уйли-жойли қилдим. Бугунги кунда 80 бошдан зиёд қорамолларни парвариш қилмоқдамиз. Асосан, ўзимизнинг қора-ола зотли жайдари сигирларимизни парваришлаймиз. Ҳар бири кунига 25 литрдан сут беради. Фермер хўжалигимизда 4 нафар ходим фаолият олиб боради. Бозорларимизни сут ва сут маҳсулотлари, гўшт билан таъминлаяпмиз. Ўтган йили Германиядан наслли ҳўкизлар олиб келдик. Чорвачиликнинг сир-синоатини фарзандларимга ўргатаман. Мазкур соҳани кўп тармоқлига айлантириш каби режаларимиз бор, – дейди “Мақсад” фермер хўжалиги раиси Маҳмуд Нурматов.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, чорвачилик бугун ёки кеча пайдо бўлган соҳа эмас. Айниқса, туманимиз аҳолиси қадимдан чорва боқиш билан шуғулланиб келганлиги тарихдан барчамизга маълум. Бу борада бошқаларга ўрнак бўладиган кўп жиҳатларимиз бор. Шундай экан, соҳадаги ишларни замон талаблари асосида йўлга қўйган ҳолда, бунданда юксакроқ марраларни забт этиш истаги оҳангаронлик чорвадорларнинг шиорига айланмоғи мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу йўлда заҳматкаш чорвадорларимизга куч-қувват тилаб қоламиз.

Шоира ТЎЛАГАНОВА,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.