Республикамиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган изчил ички ва ташқи сиёсатнинг мазмун-моҳиятига теранроқ ёндашадиган бўлсак, унда минтақадаги барқарорликни таъминлаш, яқин қўшничилик муносабатларини янги босқичга олиб чиққан ҳолда, ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш устувор аҳамият касб этаётганлигини кўришимиз мумкин. Албатта, бундан Марказий Осиёдаги ҳам аҳолиси, ҳам иқтисодий потенциали юқори бўлган мамлакатимиз бошқалардан кўра кўпроқ манфаатдор эканлигини тан олишимиз керак. Юртбошимиз ўз раҳбарлик фаолиятининг дастлабки онлариданоқ ушбу масалага жиддий эътибор қаратаётганлигининг ҳам боиси шунда.

Ўтган қисқа вақт мобайнида Президентимизнинг Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон Республикаларига тарихий ташрифлари ниҳоятда самарали бўлиб, кўпгина соҳалар бўйича анча йиллардан бери эришилмай келинаётган ижобий натижалар қўлга киритилганлигини  алоҳида қайд этиш лозим. Биргина шу йилнинг март ойи ичида содир бўлган воқеаларни таҳлил қиладиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи, Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтган Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг илк маслаҳат учрашувлари, Наврўз айёми муносабати билан Нурсултон Назарбоевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи минтақа мамлакатлари айни пайтда катта ўзгаришлар даврини бошидан кечираётганлигини кўрсатади. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуслари билан ривожлантирилаётган ушбу дўстона ришталар минтақадаги сиёсий вазиятни батамом янги босқичга олиб чиқди, десак адашмаган бўламиз. Бу ҳақда турли хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кўплаб чиқишларни кузатиб бормоқдамиз.

Бироқ бугунги суҳбатимизни минтақамизнинг ажралмас бўлаги бўлган, кўп йиллардан буён уруш исканжасида қолиб, турли сиёсий куч марказларининг манфаатлари тўқнашган ҳудудга айланиб, натижада тараққиётдан бир неча ўн йиллар ортга суриб ташланган, халқи эса хўрланиш ва муҳтожликни бошидан кечираётган қўшни Афғонистон ҳақидаги мулоҳазаларимиз билан давом эттирмоқчимиз.

Бу орқали ҳозирги кунда Афғонистон билан муносабатларимиз қониқарсиз даражада, деган фикрни илгари сурмоқчи эмасмиз. Аксинча, ўзаро дўстлик, яқин қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, янги босқичга олиб чиқиш зарурати ҳар доим ҳам ташқи сиёсатимизнинг муҳим тамойили бўлиб келган. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар  ўрнатилгандан буён турли соҳаларда 50 га яқин муҳим ҳужжатлар имзолангани, шулардан 17 таси сиёсий ва хавфсизлик масалаларига тааллуқли эканлиги фикримиз далилидир.

Бу борада Ўзбекистон раҳбарияти доимо юқори минбарлардан туриб, қарийб қирқ йилдан бери давом этиб келаётган афғон муаммосига дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратиб келган. Биринчи Президентимиз  Ислом Каримовнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 48 ва 50-сессияларида сўзлаган нутқларини бир эсланг. Унинг сўзлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Давлатимиз  раҳбари  Шавкат  Мирзиёев ҳам БМТ минбаридан туриб, Марказий Осиё минтақаси ташқи сиёсатимизнинг энг муҳим йўналиши эканлигини, бу ерни тараққий этган, яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдор эканимизни, асосий мақсадимиз ҳам тинч-осойишта, иқтисодий ривожланган минтақага эга бўлиш эканлигини таъкидлаганида ҳақ эди. Зеро, тараққий этишнинг муҳим омилларидан бири ҳам ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорликнинг қай даражада ривожланганлигига боғлиқлигини бугунги куннинг ўзи яққол кўрсатиб турибди. Бунинг учун эса, мустаҳкам, барқарор сиёсий тизимга эга бўлмай туриб, бошқа соҳаларда ислоҳотлар олиб бориш мутлақо мумкин эмаслигини барчамиз яхши биламиз. Мана шу сиёсий танглик сабаб, минтақа мамлакатлари билан ўзаро муносабатларда маълум даражада оқсаш кузатилди.

Бу муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистон ўзининг қатъий позициясига эга бўлиб, Афғонистондаги вазият нафақат минтақавий, балки глобал миқёсдаги масала эканлигидан келиб чиқиб иш кўрмоқда. Президентимиз ташаббуслари билан жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида Афғонистон муаммоси бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерик-лик” мавзусида юқори даражадаги конференциянинг ўтказилга-ни ҳам фикримиз далилидир. Ушбу анжуман ўзининг кўлами, иштирокчиларнинг салмоғи, дунёнинг етакчи мамлакатларидан вакилларнинг иштироки, айниқса, ижобий самараси билан тарихий воқеа сифатида ёдда қоладиган бўлди. Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, АҚШ давлат котибининг ўринбосари Томас Шэннон, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, шунингдек, жами 20 га яқин давлатлар делегацияларининг иштироки конференциянинг аҳамияти ниҳоятда юқори эканлигини кўрсатиб берди.

Конференцияга айнан пойтахтимиз мезбонлик қилганлигида ҳам чуқур маъно бор. Зеро, Юртбошимизнинг бугунги кундаги сиёсати нафақат минтақадаги, балки глобал даражадаги муносабатларга ижобий таъсир кўрсатаётгани сир эмас. Шундай экан, бўлиб ўтган халқаро Тошкент конференцияси ташаббускори айнан давлатимиз раҳбари эканлигини инобатга оладиган бўлсак, мантиқан олиб қаралганда, ушбу воқеани Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги “катта юриш”ларидан бири бўлди, дея оламиз.

Тўғри, бундай “юриш”лар илгари ҳам бўлган. Бунинг учун бир неча йиллар олдин 6+2 форматида ўтган олий даражадаги учрашувларни эслаш кифоя. Аммо минтақадаги, қолаверса, жаҳондаги мавжуд сиёсий вазият – кучлар мувозанатининг номутаносиблиги, бундан ташқари, ўзаро манфаатлардаги қарама-қаршиликлар, дунёнинг турли жойларида содир этилган террорчилик ҳаракатлари, айниқса, 2001 йилнинг ноябрь ойида Афғонистонда бошланган ҳарбий ҳаракатлар минтақада тинчликни ўрнатишга бўлган ҳар қандай уринишга бевосита салбий таъсир ўтказган эди.

Бироқ бу йилги Тошкент конференцияси батамом янгича ёндашув ва платформада ўтганлиги билан тарих зарварақларидан жой оладиган бўлди. Айниқса, Юртбошимизнинг сўзлаган нутқи ўзининг мазмун-моҳияти, унда муаммонинг ечимларини аниқ-равшан ифодалаб берилганлиги билан  анжуман иштирокчиларида катта таассурот уйғотди. Энг эътиборли жиҳати шундаки, давлатимиз раҳбари Афғонистондаги тинчлик жараёнини уч даражада – Афғонистон мамлакати, минтақавий ва глобал даражада амалга оширишнинг самарали йўлларини таклиф этган ҳолда, яхлит бир концепцияни илгари сурганлиги муаммога бўлган ёндашувларни бир тизимга солди, десак хато қилмаган бўламиз.

Марказий Осиё + Афғонистон (С5+1) форматида бўлиб ўтган мазкур анжуман мазмунан Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган экан, яқин келажакда унинг ижобий самараларини кўрамиз, албатта. Бу натижа эса конференция якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент деклорацияси асосида амалга ошишига ишонамиз. Қарийб қирқ йилдан буён порох ва наркотик ҳидидан нафас олиб келаётган жафокаш афғон халқининг ҳам минтақамиздаги янгиланиш, ўзгаришлар ҳавосидан баҳра олишга, тинчлик, осудалик ва тараққиёт онлари билан ҳамнафас яшашга тўлиқ ҳаққи бор.

Дарҳақиқат, бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги  ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Ҳақли эътирофларга кўра, бунда муҳтарам Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари ва ташаббус-корлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўйлаймизки, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган тинчликпарвар сиёсат минтақамиз осойишталиги ва равнақи йўлидаги амалий ишларда ўзининг ижобий самарасини беради.

Э.Ўтбосов.