Азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятлари, олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъи назар барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 февралдаги “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан, Ўзбекистон Халқ Демократик партияси Оҳангарон туман  Кенгаши томонидан “Доимо эътиборимиздасиз” маърифий-йўқлов акцияси ўтказилмоқда.

Акция доирасидаги тадбир “Нўғойқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида    Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати М. Саидкаримов ташаббуси ва ҳомийлигида ўтказилди.

400 ўринли байрам дастурхонига маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож  оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар таклиф этилди.  Байрам дастурхонига ош тортилиб, 15 нафар 80 ёшдан ошган отахон ва онахонларга, кам таъминланган оилаларга байрам совғалари улашилди.

Тадбирда Оҳангарон  туман ва шаҳар ҳокимияти вакиллари, мутасадди раҳбарлар иштирок этдилар. Оҳангарон шаҳар маданият бўлими томонидан тақдим этилган жозибали куй ва қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Партиянинг дастурий мақ-садларидан келиб чиқиб ҳамда Наврўз умумхалқ байрами шодиёналари муносабати билан халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари ҳомийлигида ёрдамга муҳтож инсонлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, меҳр-оқибатни, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савобли ишлар, хайрия тадбирлари кенг кўламда ҳанузгача давом этаяпти.

  Феруза ХОЛТЎРАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Оҳангарон туман Кенгаши раиси.