Аввал хабар берганимиздек, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилиб келинаётган “Умид ниҳоллари – 2018” спорт мусобақасининг  ҳудудий босқичи март ойининг 22 санасидан 27 санасига қадар ўтказилиб, спорт гимнас-тикаси бўйича мусобақалар  шаҳримиздаги 3-мактаб мезбонлигида ўтиши кўзда тутилган эди.  Шаҳримиз вакиллари, Ангрен, Олмалиқ, Нурафшон шаҳарлари ҳамда Оҳангарон, Пискент, Ўрта Чирчиқ туманларидан келган ёш спортчилар майдонга чиқишди.

Ангренлик ёш гимнастикачилар Диёрбек Ҳолиқов, Раиса Вишниякова мусобақада 2-ўринни эгаллашиб, умумжамоа ҳисобида ҳам 2-ўринга сазовор бўлишди. Пискентлик Севинч Авазова ҳам шу поғонадан жой олди.

Оҳангарон тумани ўқувчи ёшлари мусобақада фаол иштирок этишди. Қизлар баҳсида  Заҳро Ўразалиева,  ўғил болалар беллашувида Абдулазиз Зокировга кейинги ўринлар насиб этиб, туманимиз ёшлари  умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олишди.

Мусобақа дастуридан ўрин олган отдан сакраш, турникда,  Хакачопда машқлар бажариш, шунингдек, акробатик ўйинлар тактикаси ва маҳорати бобида рақибларидан устун келиб, юқори натижага эришган Оҳангарон шаҳри вакиллари ғолибликни қўлга киритишди.

Волейболчи қизлар беллашувида шаҳримиздаги  1–мактаб ўқувчиси  Паризода Ғуломова, 3-мактаб ўқувчиси Самандар Файзуллаев  1-ўрин соҳиблари бўлишди. Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти Тошкент вилояти бўлими раис ўринбосари Б.Аҳмедов, жамиятнинг Оҳангарон шаҳар бўлими раиси, ХТБ  мудири Д.Ҳайитметов  3-мактаб директори Зиёд Эркабоевнинг  мусобақани ташкил этишдаги жонбозлигини алоҳида таъкидлаб, ғолибларга вилоят босқичида муваффақият тилашди.

Олмалиқ шаҳрида ўтказилган волейбол мусобақасида ҳам  шаҳримиз валейболчи қизлари зафар қучиб, “Умид ниҳоллари – 2018 ” спорт мусобақасининг вилоят босқичига йўлланма олишди.

Райҳон САЛАЕВА.