Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти Оҳангарон тумани бўлими томонидан 2018 йил 27 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтган импорт ҳажмини қисқартириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, экспортни рағбатлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, туманда экспорт ҳажмини кўпайтириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, экспортни ташкил этиш ва амалга ошириш борасидаги фаолиятни доимий мониторинг қилиш, тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш, мавжуд муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича туман ҳокими ва туман прокурорининг 2018 йил 3 мартдаги 53-Ф сонли қўшма фармойиши қабул қилиниб, мазкур фармойиш ижросига туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда туман прокурорининг тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари масъул этиб белгиланди. Экспорт фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субектлари билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, экспортёрларга экспорт ҳажмини оширишда реал ёрдам бериш, мавжуд тўсиқ ва муаммоларни бартараф этишда амалий кўмак кўрсатиш, ҳудудга кўп хажмда импорт қилинадиган маҳсулотларни доимий таҳлили асосида экспортбоп маҳсулотлар етиштиришнинг янги имкониятлари ва мавжуд захираларини аниқлаш ва уларни ишга тушириш каби масалалар фармойишга асосан тузилган ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шунингдек, фермерлар, деҳқон хўжаликлари ер майдонлари ва аҳоли томорқаларини хатловдан ўтказиш, уларнинг ер майдонлари, шу жумладан, боғ ва токзорлар орасига сердаромад ва экспортбоп мева-сабзавотлар экишни ташкил этиш, уларни уруғлик, техника воситалари, минерал ўғит ва ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш чораларини кўриш, 2018 йил ҳосили учун экилган август пиёзи, саримсоқпиёз, тўқсонбосди экинлари ҳосилини ўз вақтида ва тўлиқ йиғиб олиш, уларни экспорт қилиш ишларини алоҳида назоратга олиш каби вазифалар ҳам устувор вазифалардан ҳисобланади.

Бугунги кунда туманда 6 та экспортёр корхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг 4 таси қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишга ихтисослашганлиги сабаб, соҳа вакилларига бир қатор муҳим топшириқлар юклатилди.

Ушбу йўналишда олиб борилаётган барча тадбирлар, асосан, туманимизнинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу борада барча соҳа вакиллари ўз олдиларига қўйилган вазифаларни масъулият билан бажарган тақдирдагина, кўзланган мақсадга эришилади.

Беҳзод МИРЗАКАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти Оҳангарон тумани бўлими бошлиғи.