Пурвиқор Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари орасида умргузаронлик қилаётган барча оҳангаронликлар Наврўз айёмини бу йил ўзгача шукуҳ ва файз билан кутиб олдилар. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оҳангарон тумани, шаҳар ва туман тарзида, алоҳида маъмурий бирликларга ажралгач, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий юксалиш, мавжуд потенциалдан кенг фойдаланиш тез орада ўз самарасини бера бошлади. Бугун Оҳангарон шаҳри ва тумани аҳолиси қўлни қўлга бериб, буюк келажак сари шахдам қадам ташламоқдалар.

Ҳар бир халқнинг ўзига хос қадрият, анъаналари бор. Улар миллат билан бирга яшайди, бирга улғаяди, тараққий топади. Халқимизнинг тарихи ва маданиятининг бир бўлаги бўлган Наврўз  байрами ҳам ҳар йили янгиланиб бораётган улуғ ва навқирон байрамдир. Айни дамда Наврўз шукуҳи бутун воҳамизни кезиб юрибди. Карнай-сурнайлар садоси барчани халқ сайиллари, кўпкариларга  чорлади.

Ўтар дунё маслаҳатига қулоқ солмай, донишманд халқнинг қадим удумларини маҳкам тутиб келаётган маталгўй момоларимиз айтган ўлану лапарлар дошқозонда қайнаётган сумалак атрофида тўпланган болажонлар учун бир умрга татийдиган сабоқ бўлди. Умуман, бу дамларнинг ҳар бир лаҳзаси шеър, гўзал бир куй. Бунда она табиатнинг ўзи бетакрор шоир, беқиёс бастакор.

Оҳангарон тумани ва шаҳрида ҳам ушбу умумхалқ байрамини зўр кўтарини руҳда муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрилди. Байрам арафасида жойларда арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг савдоси ўтказилди.

“Оҳангарон” маданият ва истироҳат боғида ўтган байрам дастури умумхалқ сайли тарзида ташкил этилди. Унда шаҳар маданият бўлими томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар намойиш этилди. Айниқса, унда иштирок этган “Қалдирғоч” болалар фольклор-этнографик дастасининг чиқишлари йиғилганларга хушнудлик бағишлади.

– Наврўз байрамлар ичида энг ўзига хос айёмдир, – дейди биз билан суҳбатда жамоа раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳибаси Дилдора Йўлдошева. – 14 ёшгача бўлган ёшлардан иборат жамоамиз жорий айёмга ўзгача тайёргарлик кўрган. Репертуаримизда мавсумий қўшиқлар, алёрлар кўп. Айниқса, деҳқончилик мавсумининг бошланиши, баҳорнинг илк кунларига вобаста бўлган чиқишларимизни ҳар сафар томошабинлар илиқ қарши оладилар.

Майдон узра жажжи болажонлар шўх-шўх ўйнаб, жўшқин оҳангларда қўшиқ айтади:

Боғимга баҳор келди,
Элимга Наврўз келди,
Шундай қутлуғ замонда,
Ўйнаб қувнагим келди.

Дастур давомида, шунингдек, “Қурама” фольклор-этнографик жамоаси томонидан тақдим этилган “Наврўзим”, “Исириқ” каби чиқишлар ҳам намойиш этилди.

Оҳангарон туманида ҳам мазкур байрам кўтаринки кайфиятда кутиб олинди.   Очиғини айтганда, ҳудудда маъмурий ислоҳот ўтказилгандан кейин, бундан кейин туман миқёсидаги тантанали маросимларни ўтказиш учун қулай бир жой барпо этишга катта эҳтиёж бор эди. Туман фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда, келгусида элнинг катта маъракаларини ўтказиш учун маъқул жой сифатида “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудида жойлашган Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг кенг ва манзарали майдони танланди. Шундан сўнг, бу ерда икки ой давомида ўтган кенг кўламли обонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Майдон атрофларига, бинонинг кириш қисмига манзарали дарахтлар, анвойи гуллар ўтқазилди. Стадион томошабинлар учун мўлжалланган 600 та ўриндиқ билан жиҳозланди. Умуман олганда, ҳудуд аҳолиси байрам арафасида янгитдан чирой очган муҳташам мажмуага қадам ранжида қилдилар.

– Фуқароларимизнинг хавфсизликларига келадиган бўлсак, майдондан 500 метр узоқликда автотураргоҳ қуриб битказилди. Қурилиш-таъмирлаш ишларини “Оҳангарон Шоҳруҳ Файз” ва “Бунёдкор Кушон” МЧЖ ишчилари олиб борди, – дейди биз билан суҳбатда туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи Бобомурод Ортиқов.

Улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳазратларида шундай мисралар бор:

Улус чеҳраи олам афрўзидин,
Билур йил келишини Наврўзидин.

Дарҳақиқат, асосий байрам ўтказиладиган куни шинам ва ораста майдонга ташриф буюрган улуснинг чеҳраи афрўзида ғоятда юксак кўтаринкилик мужассам эди.

Маълумки, халқимизнинг кўп асрлик тарихга эга буюк қадриятларини эъзозлаш, янада кенг миқёсларда нишонлаш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мана, икки йилдирки, қадимий ва миллий Наврўзимизни умумхалқ сайли тарзида зўр тантаналар билан кутиб олаяпмиз. Мазкур тантана ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йили 23 февраль куни қабул қилган “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори асосида ташкил этилди. Мазкур Қарорда қайд этилганидек, байрам арафасида туман миқёсида “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

Шу куни барча оҳангаронликлар кенг майдонда ташкил қилинган ўзига хос сайилнинг нафақат гувоҳи, балки фаол иштирокчиси бўлишди. Асосий майдонда туман маданият бўлими томонидан ташкил қилинган тантанали маросим эстрада усталари, таниқли хонандалар иштирокида ўтказилди. Мажмуанинг бошқа бир қисмида эса барча корхона ва ташкилотлар ходимлари учун ҳозирланган махсус жойларда (павильон) қадимий удумларимиз, ўлан ва лапарлар жўрлигида айём тантанаси қизигандан қизир эди. Туманда фаолият кўрсатаётган “Чашма”, “Нилуфар”, “Садо” каби фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, шунингдек, “Умид чашмаси” ансамблининг гўзал куй-қўшиқлари байрамга янада файз киритди. Айниқса, “Чашма” жамоаси раҳбари  Улуғой Омонованинг соҳир овоз билан куйлаган ўланлари кўҳна Илоқ маданияти вориси бўлмиш Оҳангаронда бугун ҳам фольклор ижодкорлиги тўхтаб қолмаганини, аксинча, бу санъат юксалишнинг янги марраларига қадам қўйганини кўрсатди.

Кези келганда айтиш жоизки, Президентимизнинг от спортига бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги натижасида, кейинги йилларда Ўзбекистонимизда ушбу соҳа гуллаб-яшнамоқда. Халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган полвонлик, чавандозлик қобилияти юксак даражада намоён бўлмоқда. От спорти билан боғлиқ қадимий удумларимизга кенг йўл очилиб, тўй-томошаларимизга яна файз кирмоқда. Бинобарин, улоқ-кўпкари мусобақалари буюк соҳибқирон Амир Темурнинг аскарларни синовдан ўтказадиган ўзига хос машқ услуби ҳисобланган. Йигитнинг сараси, мард аскарлар мана шундай беллашувларда халқнинг назарига тушган.

Тўйлар тўйларга улансин, дейди халқимиз. Маълумки, бундай байрам арафасида ота-боболаримиз улоқ-кўпкари мусобақаларини ўтказишган. Бунда элнинг мард ўғлонлари ор учун, шаън учун беллашганлар. Наврўзи олам арафасида тумандаги “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудида жойлашган Гулмомо қирликларида улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилди. Айтишларича, бир вақтлар мана шу тепаликлар орасида афсонавий паҳлавон – Қоратой ўзининг гўзал маҳбубаси Гулмомони ёвуз дев чангалидан қутқариш учун қирқ кечаю қирқ кундуз мислсиз жанг қилган экан (бу каби ривоятлар асосида ёзилган мақола ўтган газеталаримизнинг бирида чоп этилган эди). Жангда Қоратой ғолиб бўлган ва шу-шу бу ҳудудларга девлар яқин йўлолмас экан. Албатта, бу ҳикоя асрлар давомида оғиздан оғизга ўтиб келаётган бир ривоят. Эътиборлиси шуки, кўҳна Оҳангароннинг ҳар бир тепалиги, ҳар бир кўчаси, ҳар бир майдонининг ана шундай ўзига хос тарихи бор. Энг асосийси, бу тарих қадим замонларда ҳам мазкур воҳада мард ва ориятли полвонлар, асл чавандозлар умргузаронлик қилганидан сўйлайди. Бу анъана бардавом бўлиб, айни пайтда ҳудудда чавондозларнинг янги авлоди камолга етиб, майдонларда туман шаънини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Чунончи, Сайфи полвон, Шерзод полвон, Сарвар полвон, Фахриддин полвон каби чавандозларнинг довруғи бутун Ўзбекистонга таралган. Шу куни бўлиб ўтган кўпкари мусобақасида ҳам “Унгут” МФЙда яшовчи Сайфи полвон зўр маҳорат  кўрсатгани фикримизни тасдиқлайди.

Элимизга хуш кайфият улашиш мақсадида ташкил қилинган мазкур мусобақада қўшни Қозоғистон, Қирғизистон Республикаларидан ҳам чавандозларнинг ташриф буюргани халқларимиз орасида тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ришталаридан дарак берар эди. Жийрон отларда, асл Қорабайир чопағонда зот айириб, марди майдон бўлган полвонлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва эҳтиром, дўстлик туйғулари киши қалбида: “Бор бўл, одамзод, қуллуқ сенга, она табиат, раҳмат сенга, ҳазрати Инсон”, деган жўшқин фикрларни солар эди…

Боболаримиз айтадиларки: “Бодом гуллаши Наврўз кириб келганидан дарак, ўрик гулининг довучча тугиши Наврўзнинг адоғидир”. Демак, наинки гўзал Оҳангарон воҳасида, бутун юртимиз бўйлаб Наврўзи олам шукуҳи давом этади…

Беҳзод ҚОБУЛОВ.
С. Сапаралиев олган суратлар.